Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг ҳудудий бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари билан бирга аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини тинглаш ва ҳал этиш мақсадидаги навбатдаги сайёр қабули Нурафшон шаҳрида бўлди.
Унда аҳоли томонидан билдирилган соғлиқни сақлаш, моддий ёрдам, уй-жой ва ижтимоий муаммолар, коммунал, бандлик, тадбиркорлик ва кредит олишга доир катта-кичик масалалар кўриб чиқилди. Фуқаролар томонидан жами 225 та мурожаат келиб тушди. 50 дан ортиқ мурожаат юзасидан жойида тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.


Шунингдек, 16 нафар фуқарога "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам ажратиладиган бўлди. 65 нафар фуқаронинг мурожаати депутатлар ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиши бўйича топшириқ берилди. Шу билан бирга, 90 та мурожаатда кўтарилган турли йўналишдаги масалалар белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиши учун ижрочиларга йўналтирилди. 14 нафар фуқаронинг мурожаати эса амалдаги қонунчилик талабларига мос келмагани сабабли, асослантирилган ҳолда рад этилди.


– Ҳудудимиз аҳолиси анчадан бери Тошкент шаҳрига бориш учун транспорт қатновидан қийналади, – дейди чинозлик мурожаатчи А. Илёсов. –Машиналар учун туманимиз марказида жой ажратилмагани сабабли катта йўл четига қўйишга мажбур бўлмоқда. Ўз навбатида уларга ЙПҲ ходимлари жарима ёзяпти. Шу каби сабаблар биз каби пиёдаларнинг манзилларига боришида қийинчиликлар туғдирмоқда.

Чиноз туманида яшовчи Атлас Илёсовнинг ҳудудда кўп йиллардан буён автошохбекат йўқлиги, пойтахтга қатновчи жамоат транспортлари камлиги юзасидан қилган мурожаати тегишли тартибда ҳал этиладиган бўлди. Зойир Мирзаев соҳа мутахассисларига бу борада вазиятни ўрганиш ва амалий ёрдам бериш бўйича топшириқ берди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири