Қарор ва ижро
Охирги йилларда аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун қулай муҳит яратиш ва инфратузилмани яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.
Бу борада, Президентимизнинг 2025 йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ҳамда тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам айнан шу жараёнларда муҳим дастуруламал вазифасини бажармоқда.

Унга кўра, Тошкент вилоятидаги Бўка, Чиноз туманлари, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарларига “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақоми бериладиган бўлди. Мазкур истиқболли лойиҳалар билан танишиш мақсадида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Чиноз тумани марказида режалаштирилган ҳамда амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.

Хусусан, кўп қаватли турар жой биноларини замонавийлаштириш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш, маданият ва спорт инфратузилмасини янгилаш, “Ёшлар боғи”ни реконструкция қилиш, шунингдек, 24/7 режимида хизмат кўрсатадиган кўчани ташкил этиш лойиҳаларининг ҳолати ўрганилди.

Шу билан бирга, бозор ҳудудларини замонавий талаблар асосида қайта ташкил этиш, йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш, пиёдалар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишга қаратилган лойиҳалар юзасидан масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди. Саноат ва сервис соҳаларига оид лойиҳаларнинг туман иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини оширишдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокими мазкур лойиҳалар юзасидан ўз таклифларини билдириб, ҳар бир ишни белгиланган муддатларда, юқори сифатда амалга ошириш, шунингдек, аҳоли учун қулай ва замонавий шаҳар муҳитини шакллантириш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берди.
А.Мусаев, ЎзА.