Бу жой тарих сирларини ўз бағрида яшириб ётибди. Ҳар бир ноёб топилма узоқ ўтмишдан ҳикоя қилади. Бу Чинортепа ёдгорлигидир.
Чинортепа археологик ёдгорлиги Сурхондарё вилояти Узун тумани Чинор қишлоғида, яъни Боботоғ тоғ тизмаси ва Сурхондарё дарёси оралиғидаги тепаликда жойлашган. У ўтмиш ва бугунни боғлаб турувчи муҳим тарихий маданий марказ ҳисобланади. Йиллар давомида кўплаб археологлар бу манзилда қидирув ишларини олиб бордилар.
Ушбу археологик қидирув натижасида Сурхондарё дарёсининг шарқий соҳилида Кушон даври аҳоли пунктлари мавжудлиги аниқланди. 2019 йилда археологик гуруҳ томонидан тахминан 350 000 квадрат метр майдонни эгаллаган Чинортепа ёдгорлиги чегаралари белгилаб олинди. Қадимий кулолчилик парчалари, мис тангалар, тош қуроллар ва бошқа топилмалар бу жойнинг ёшини аниқлаш учун муҳим илмий маълумотлар берди.
Археологик гуруҳ, шунингдек, 2х10 метр ўлчамда шурф қазишди. Турли даврга оид маданий қатламлар Кушон давридан Мўғуллар давригача бўлган турар-жой майдонининг тўлиқ кетма-кетлигини тасдиқлади. Кушонлар маданияти қатламида уч босқичда қурилган уйлар топилди.
[gallery-23587]
Илмий хулосаларга кўра, Чинортепа ёдгорлиги 3000 йилдан ортиқ катта даврни ўз ичига олади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА