“Чиноркент–Юсуфхона–Чимён–Амирсой” йўналишида замонавий йўловчи ташиш тизими жорий этилади
Ҳар қандай тизимнинг асосий мақсади инсонларга хизмат қилишдан иборат. Шу маънода мамлакатимизда аҳоли хавфсизлиги ва қулайлиги йўлида самарали ташаббуслар амалга оширилмоқда. Хусусан, ички туризмни ривожлантириш, сайёҳларга манфаатли ва қулай бўлган шароитлар яратиш йўлида муҳим қадамлар қўйилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ, Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида транспорт инфратузилмасини янги босқичга кўтариш, вилоятда экотуризмни ривожлантириш мақсадида “Чиноркент–Юсуфхона–Чимён–Амирсой” йўналиши бўйича замонавий йўловчи ташиш тизими жорий этилмоқда.
Махсус синовлар натижасига кўра, тоғли ҳудудлар учун энг мақбул деб топилган 20 дона “Ford” микроавтобуси “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тасарруфидаги “Тошавтобустранс” МЧЖ томонидан харид қилиниб, республикага етказиб берилди.
Таъкидланишича, янги транспорт воситалари аҳоли ва сайёҳлар учун хавфсиз ва қулай хизмат кўрсатади. Бу эса соҳа ривожига сезиларли таъсир ўтказади.
Шербек Исломов, ЎзА