English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чинор маҳалласида ободонлаштириш ишлари қониқарсизлиги аниқланди
13:35 / 2025-10-10

Куз фасли ҳам яримлаб қолди. Ҳадемай, ортидан қиш эшик қоқади. Кунлар аста-секин салқинлаб бораётгани аҳоли турар жойларини, ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини жадаллаштиришни тақозо этади. Бу борада тегишли ташкилот ва муассасалар томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари томонидан ҳудудларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларининг бориши ўрганилмоқда.

Жумладан, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Севара Файзиева ва фаоллар томонидан пойтахтимиздаги Чинор маҳалласи ҳудудида ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар жараёнида бир қатор муаммолар аниқланди. Хусусан, 23-А кўп қаватли уй ертўласидаги санитар ҳолат ёмон экани, ҳашаротлар кўпайгани, ёқимсиз ҳид ва намлик туфайли аҳолига зарар етаётгани аниқланиб, халқ вакили томонидан қайд этиб олинди.

15/2-уйнинг кириш қисми эса йиллар давомида таъмирланмаган, жиддий таъмирталаб аҳволда. 4-қават 22-хонадон томидан сув сизиб, хонадон деворлари шикастланган. Аҳолининг мутасаддиларга кўп маротаба қилган мурожаатлари эса эътиборсиз қолгани маълум бўлди.

Партия вакиллари ушбу ҳудудга хизмат кўрсатувчи “Camel Kommunal Servis” бошқарув компанияси фаолияти билан ҳам танишди. Мазкур компания ўз вазифаларини лозим даражада бажармаётгани, ариқлар чиқиндилар билан тўлгани, ободонлаштириш ишлари қониқарсиз экани аниқланди.

Эътиборлиси, “Чинор” МФЙ 2024 йилда “Обод маҳалла” давлат дастурига киритилган. Аммо шунга қарамай, ҳудудда коммунал ва ободонлаштиришга оид масалалар ўз вақтида ҳал этилмаяпти. Бу эса аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Экопартия депутати сервис компанияси вакилларига ўз тавсияларини берди. Шунингдек, ҳудуддаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан масъул ташкилотларга депутатлик сўрови юборилиши ва унинг ижроси устидан қатъий назорат ўрнатилишини маълум қилди.  

М.Комилова,

ЎзА