Мўъжазгина томорқада ер билан тиллашиб меҳнат қилган кишининг рўзғори бут, обод, турмуши фаровон бўлади. Халқимизда деҳқоннинг хазинаси – ер, калити – тер, деган пурмаъно сўз ҳам бежиз айтилмаган.
Сурхондарё вилоятининг Ангор тумани деҳқончилик ва чорвачиликда ўзига хос тажрибага эга. Ҳудуднинг унумдор тупроғи, мўътадил иқлими меҳнаткаш, изланувчан одамларига мўъжазгина томорқада қишин-ёзин турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, чорва моллари парваришлаш учун қулай имконият яратган. Туманда парваришланаётган карам, кўкат, дайкон, қизил лавлаги ва бошқа сабзавот маҳсулотлари, полиз ва мевалар нафақат мамлакатимиз, балки дунё бозорида ҳам ўз ўрнини топмоқда.

Йилдан-йилга юксалиб, обод бўлиб бораётган туманнинг Чинобод маҳалласидаги 669 хонадонда 3 минг 770 дан ортиқ аҳоли яшайди. Ҳар бир оиланинг ўз томорқаси бор. Бу ердан унумли фойдаланиш учун аҳоли қишин-ёзин турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиради. Чорвачилик билан шуғулланади.
– Маҳалламизда мингдан ортиқ оила мавжуд, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раисаси Гулорам Маматова. –Хонадонларида 10 сотихдан олтмиш сотихгача ўз томорқасига эга. Бу ердан ҳар бир оила йилига уч мартагача ҳосил олмоқда. Томорқалар бўш турмайди. Маҳаллада ишсизлар йўқ. Барча фойдали меҳнат билан банд. Шу кунларда далаларда пахта терилмоқда. Томорқаларга тўқсонбости экинлар экиляпти. Турли витаминларга бой кўкатларимиз тайёр бўлиб қолди. Бир хонадон томорқада парваришланган ноз-неъматларнинг ўзидан ўртача 60-70 миллион сўм даромад олмоқда. Чорвадорларимизнинг даромади уч юз миллион сўмгача етмоқда. Шунингдек, оилаларда асалари, парранда парваришлашга ҳам қизиқиш ортиб бормоқда. Олаётган даромадлари эвазига элга тўй бераётир. Янги уйлар қуриб, енгил машиналар харид қилмоқда. Фарзандларини ўқитмоқда. Кўнгли тинч, хонадони осуда, фаровон ҳаёт кечирмоқда.

Маҳаллада яшайдиган Қаҳрамон Қулсоатов 24 сотих томорқасига турли мевали ва манзарали дарахтлар, анвойи гул кўчатлари ўзгача файз улашиб турибди. Кўкат, полиз ва сабзавот маҳсулотлари ҳам етиштиради. Оила аъзоларининг оқилона меҳнати билан томорқа хонадоннинг яхшигина даромад манбаига айланган.
– Ҳалол меҳнатдан келган даромад баракали бўлади, – дейди оила бекаси Назира Матиева. – Ҳозир 300 тупга яқин кўчатимиз сотишга тайёр бўлиб турибди. Кейинги йилларда деҳқончиликка қўшимча паррандачилик ва чорвачилик билан ҳам шуғулланяпмиз. Бир йилда ўртача даромадимиз юз миллион сўмдан ошмоқда. Ишлайман, тўкин яшайман, деган инсон учун томорқа туганмас хазина экан.

Чори Эсановлар оиласи маҳалладаги меҳнаткаш ва намунавий деҳқон оилалардан бири сифатида танилган. Бу оила аъзолари йилнинг тўрт фаслида томорқасидан унумли фойдаланиб, турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда бошқаларга ибрат бўлмоқда. 23 сотих ер майдонининг олти сотихида барпо этган иссиқхонасида лимон парваришланмоқда. Қатор ораларидан унумли фойдаланиб, турли кўкат ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришни ҳам йўлга қўйган.
– Ўтган йили лимон экиб, биринчи йилнинг ўзидаёқ 100 килограмм ҳосил олдик, – дейди Чори Эсанов. – Даромадимиз ҳам меҳнатга яраша бўлмоқда. Тўқ, тўкин яшаяпмиз. Янги уй қурдик. Енгил машинамиз бор. Энг муҳими уйда ҳар биримиз иш билан бандмиз.
Маҳалладаги Ўрал Дурдиевлар оиласи чорвачиликка меҳр қўйган. Оиланинг бу соҳа этагини маҳкам тутганига 15 йил бўлмоқда. Қорамол боқиб, элни сут ва гўшт билан таъминлайди. Айни пайтда 20 бошдан зиёд қорамол, 100 бошдан ортиқ қўй парваришланмоқда.

– Оиламизда ҳар кимнинг ўз вазифаси бор, – дейди Урал Дурдиев. – Ҳозир қўйларимиз далада боқилмоқда. Соғин сигирларимизнинг ҳар бири кунига 8-10 литр сут беради. Харидорларимиз ўзлари келиб, уйдан олиб кетишади. Бу йил чорванинг ўзидан уч юз миллион сўмга яқин даромад қиляпмиз.
Мамлакатимиз маҳаллаларида “еттилик” тизими жорий этилгани ҳам чинободликларнинг меҳнатга, тинч, тўкин ҳаёт кечиришга бўлган интилишларини янада оширди.

– “Еттилик” маҳалланинг барча тарафларини қамраб олган, – дейди маҳалла раисаси Гулорам Маматова. –Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси маблағга эҳтиёж сезаётган оилаларни аниқлаб, ўз ишини ривожлантириши учун имтиёзли кредит маблағлари ажратмоқда. Хотин-қизлар фаоли аёлларимизнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ёшлар етакчиси ҳам йигит-қизларимиз дарду ташвиши билан банд. Яна бир масалани алоҳида айтмоқчиманки, авваллари экин йиғиштириб олингач, далалар бўш ётар эди. Мана, тўрт йилдан буён фермерларнинг экин майдонлари ғалладан бўшагач, хотин-қизлар ва ёшларга бўлиб бериляпти. Бу ҳам хонадонларга қўшимча даромад келтириб, оилаларнинг турмуш даражасини оширмоқда. Маҳалламиз обод бўлмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда маҳаллаларни обод, хонадонларни янада файзли ҳамда аҳолининг ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун давлатимиз яратаётган шароитларнинг амалдаги самарасидир.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири