Ҳунармандчилик ва амалий санъат инсон қўли ва қалби билан яратилган мўъжиза. У халқнинг руҳий бойлиги ва маданиятини ўзида мужассамлаштиради. Маълумки, юртимизда энг кўп чинни идишлар ишлаб чиқаришда Самарқанд вилояти биринчи ўринда туради.
Жумладан, Самарқанд чинниси ва амалий санъат намуналари юртимиз ҳунармандчилигини акс эттирувчи бебаҳо мерос. Санъатнинг ушбу бебаҳо тури билан самарқандлик Моҳтоб Турдиева ва Абдували Набиевлар шуғулланиб келади.
– Моҳтоб Турдиева томонидан яратилган чинни намуналари ўзбек халқининг деярли барча хонадонларига кириб борган, десак муболаға бўлмайди, – дейди республика "Ҳунарманд" уюшмаси раиси маслаҳатчиси Акобир Ҳакимов. – У яратган намуналар чиннига ранг беришда нақшларнинг бетакрорлиги, нафислиги билан бошқа ижодкорлардан ажралиб туради. Нақшлар асосан геометрик ва ўсимликсимон элементлардан иборат бўлиб, кўк, оқ, яшил ва қизил ранглар устунлик қилади. Идишларнинг усти махсус сир билан қопланади, бу эса уларни нафақат гўзал, балки мустаҳкам қилади.

Абдували Набиев эса амалий санъат устаси - майолика услубида ижод қилиб, сирланган сопол буюмларни ранг-баранг нақшлар билан тасвирлайди. Ижодкорнинг ютуғи шундаки, эски майолика анъаналарини бугунги кунгача давом эттириб, жуда кўплаб архитектура ёдгорликларини безашда жонбозлик кўрсатмоқда.
Ўзбек халқи кундалик ҳаётининг ажралмас қисми бўлган ҳунармандчилик санъати, хусусан, ёғоч ўймакорлиги, ганчкорлик, чинничилик, кулоллик, тўқимачилик, зардўзлик, созгарлик, кандакорлик, заргарлик неча-неча минг йиллик тарихга, ўзига хос ижодий мактаб ва анъаналарига, атоқли намояндаларига эга.
Юртимиз уста-ҳунармандлари томонидан тайёрланган кўплаб бадиий ҳунармандлик ва амалий санъат маҳсулотлари бугунги кунгача дунёнинг машҳур музейларида сақланади ва хорижликларни ўзига жалб қилади.
Бу, албатта мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини оширишда ҳам муҳим имконият ҳисобланади.
Гулноза Бобоева, ЎзА