English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чингиз Aйтматовнинг сўнгги иқрорлари
16:23 / 2022-08-20

Ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари ЎзАда жаҳон адабиётининг буюк вакили Чингиз Айтматов ва япон мутафаккир-адиби Икэда Дайсакунинг турли мавзулардаги суҳбатини эътиборингизга ҳавола этиб борамиз. Суҳбат Чингиз Айтматовнинг «Буюк руҳ қасидаси» номли китобидан таржима қилинган...

(Давоми. Олдинги қисми 14 августда эълон қилинган)

Икэда: – Сиз “яшашда давом этиш”, “эски”, афсонавий сўзни ҳис этиш шарти, дейсизми? Бу ерда қандайдир ўзига хос парадокс бордай туюлмайдими?

Ч.Айтматов: – Эҳтимол. Аммо тан олишим керак, баъзан хаёлимга ғалати бир фикр келади: қизиқ, қадимги аждодимнинг тилини тушуна олармидим?

Икэда: – Кечирасиз, Чингисхон эмасми назарда тутганингиз? Ростини айтсам, менга сизнинг “Чингисхоннинг оқ булути” қиссасини “Қиёмат” романига айлантиришдаги уринишларингиз ғоят қизиқ туюлди.

Ч.Айтматов: – Ҳа, Чингизхон каби одамлар вақт ўтиши билан афсонага айланадилар. Аммо ҳаётда улар, машҳурлигига қарамай, тирик одамга хос барча хусусиятларга, шу жумладан, заифлик ва хасталикларга эга оддий одам бўлишган-ку. У аслида қандай бўлгани ёки бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиб кўрдим, – демак, бу образни афсонавий-хаёлий ялтироқлик, шартлилик, мажозийлик ва рамзийликдан халос этиш керак эди...

Икэда: – Ва оддий бир одамга энг одатий, кундалик вазиятларда дуч келдингизми?

Ч.Айтматов: – Албатта. Ва яна, менимча, ҳақиқий фалсафа, инсонлар қалб амри билан – дангал иш тутганида, энг оддий шароитларда намоён бўлади. Севаётган одам чинакам қаҳрамонга айланади, чунки у, бу буюк туйғу номидан ўзига ҳаётнинг ғайритабиий қоидаларини юклайдиган ҳар қандай зулм билан дуэлга чиқиши муқаррар. Шундай бўлган ва шундай бўлиб қолади. Бу қонун. “Чингисхоннинг оқ булути”да мен шу ҳақида айтмоқчи эдим. Шунингдек, афсонавий сюжетларда муҳаббат ғояси ҳар нарсадан зиёд улуғланиши мени ажаблантирмайди. Аксинча, завқ беради. Мен Сулаймон шоҳнинг қўшиғида айтилганидан кўра буюкроқ ҳеч нима билмайман: “Кучли севги ўлим кабидир”. Шу ўлмас сўз-хаёлдан ортиқ яна нима мусаввирнинг тасаввурини тўлқинлантириши мумкин?

Биз, ўлишга маҳкумлар яна нимани ҳам истай олардик?

Икэда: – Инсон учун олдиндан тайёрлаб қўйилган “ўлим қисмати” буддизмдаги “ҳеч нима боқий эмас”да акс этган. Ўзгармас ҳеч нима йўқ, ҳамма нарса ҳалокат учун тайёрланган. Ҳатто олмос ҳам бирдек қолмайди, ўзгаришларга дучор бўлади ва у ҳам ўлимдан қочиб қутулолмайди. Агар одамни олиб қарайдиган бўлсак, мангу муҳаббатдан қасам ичган жуфтликлар, улардан бирининг ўлими туфайли ажралишга маҳкумдирлар. Айнан инсон “ўлим қисмати”га маҳкумлиги учун ҳам, у мангуликка, боқий дунёга интилади. Айнан инсон вақти чегараланган яратиқ бўлгани учун ҳам, у азалдан Фазо билан бирлашишга интилган. Инсон, Паскал таъбири билан айтганда, фикрловчи қамишдир, табиий кучнинг биргина нафасидан нобуд бўлувчи ожиз яралмиш бўлган ҳолда, ўз тафаккур қудрати, тасаввур кучи билан Фазони қамраб олади. Бу унинг Инсонлиги, Инсон бўлишга интилаётгани исботи эмасми! Ва шу маънода санъат фоний дунёдан мутлақ, боқий дунёга олиб ўтувчи кўприк бўлиб доимий хизмат қилади. Бу Элиотнинг маданиятга муносабати. Шунингдек, тасвирий санъат тарихи соҳаси мутахассиси, профессор Харисоннинг сўзларини ҳам келтираман: “Инсонни черковга мурожаат қилишга ундаган рағбат ва театрга мурожаат қилишига хизмат қилган рағбатнинг манбаи битта”. Айнан шунинг учун ҳам дунёда – хоҳ Шарқ бўлсин, хоҳ Ғарб – меъморчилик, рассомчилик, мусиқа, адабиёт дин билан чамбарчас боғланган. Санъат тўлиқ ундан андаза олади. Европа диний санъатининг кўплаб асарлари яратилиши, инсоннинг ишқ ва боқийликка кўтарилиш сари енгилмас иштиёқидан бошқа нарса эмас.

(Давоми бор)

Рус тилидан ОЙДИННИСО таржимаси