Ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари ЎзАда жаҳон адабиётининг буюк вакили Чингиз Айтматов ва япон мутафаккир-адиби Икэда Дайсакунинг турли мавзулардаги суҳбатини эътиборингизга ҳавола этиб борамиз. Суҳбат Чингиз Айтматовнинг «Буюк руҳ қасидаси» номли китобидан таржима қилинган...
(Давоми. Олдинги қисми 31 июлда эълон қилинган)
Гунгликни енгиб ўтиш Икэда: – Афлотун, “сўзни севмаслик”ни алоҳида қайд этиб, қандайдир фарқли ҳолат, кўнгил хасталиги, деб атайди. Сўзга нафратда, унинг фикрича, инсонга нафрат бор... Қадимги файласуф ҳайратланарли даражада аниқ сезган! Сўз эркини бўғиш ва мухолифдаги инсоний фазилатларни рад этиш ўз-ўзидан зўравонликни англатади. Агар бу ҳақда, шунингдек, ҳар қандай тоталитар тизимнинг бундай кўриниши, ўзаро англашув йўқ бўлган музокаралар, ҳатто умуман музокаралар ҳақда ўйласангиз, Афлотуннинг ҳақлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз. Ўтмишга назар солсангиз, тарихнинг кескин бурилиш даврларида сўз эркинлиги учун курашлар қанчалик кучли бўлганини пайқашингиз мумкин. Бунга Америкада, Францияда, Россияда бўлган инқилобий воқеалар гувоҳлик беради. Инқилоб пайтида Россияда бўлиб ўтган воқеаларни, айниқса, америкалик журналист Жон Рид ўзининг “Дунёни ларзага келтирган ўн кун” номли китобида ёрқин ва жонли тасвирлаб беради:“Инқилобнинг биринчи олти ойида фақат биргина Смольний институтидан мамлакатнинг барча бурчакларига кўплаб юк машиналари, адабиёт поездлари жўнатилди, Россия материалларни худди қуруқ қум сувни шимигандай сабрсизлик билан ўзига сингдирди”.Ўша даврда жуда кўп газеталар чоп этилди, ҳар турли рисолалар тарқатилди, одамлар илмий китоблар ва бадиий адабиётни ютоқиб ўқиди. У ер бу ерда, худди сув тошқини мавжи каби, митинглар бўлиб ўтди, нутқлар сўзланди. Маълумки, сўз эркинлиги учун ҳаракатнинг кўтарилиши кўпинча ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланди.
Ч.Айтматов: – Агар бизнинг учрашувимиз ўн йил олдин бўлганида, сўзга ишонч ва инсонга ишонч мавзусида фикр юритиш таклифи, худди панжара ортида ўтирган маҳбусга кўчадан келган одам билан озодлик ҳақида суҳбатлашишга яратилган имкон каби, мен учун ҳам оғир, ҳам исталган иш бўлар эди. Нима бўлганда ҳам, асрим бошига тушган замондан ҳасратланиб ва нафратланиб юрагимнинг чигилини астойдил ёзардим. Ҳа, у пайтлар мен томонимдан реакция худди шундай бўларди. Ва, менимча, бунинг ажабланарли жойи йўқ – ахир, сўз қанчалик қудратли восита бўлса, шунчалик заиф ва аҳамиятсиз ҳамдир. Аммо “мавзунинг бегона” бўлишига сўз айбдор эмас, сўзнинг тақдири учун аслида яна биз, одамлар айбдормиз. Агар сўз бирор қадр-қийматга эга бўлмаса, асоссиз иш тутувчи одамнинг қадрсизланган шахсига ўхшайди. Ва шунда кўнглимга келган фикрни бирдан англаб қоламан: Худойим, бизнинг мамлакатимизда умр кечираётган нутқ нима ҳақида бўлмасин, Худодан то оғзаки сўзгачами ё экологиядан то миллийгачами, қандай муаммоларга тўхталмасин, ҳамиша салбий бўлиб чиқади. Наҳотки режамиз шундай бўлса?Бу ерда яна бир нарса бор – олдинги даврларнинг ҳеч бири бизнинг социалистик тоталитаризм каби сўзга бетоқат бўлмаган. Менинг авлодим умрининг кўп қисмини ақл бовар қилмас даражада бўйсуниш ва сўзларни бўйсундиришга сарфлади. Сўзнинг тўлиқ қадрсизланиши ва унинг орқасида турган одам, буйруқ сўз ва итоаткор сўз ўртасида ҳарбий бўйсуниш қоидаси мавжуд эди. Биринчиси ўзини якка ҳоким қилиб кўрсатган, иккинчиси бўйсунишга мажбур бўлган. Эҳтимол, тасодиф эмасдир, эркинликка мажбур бўлгач бизнинг сўзимиз вулқоннинг кўр кучи каби ҳалокатга учради. Биз сўз эркинлигига шу қадар берилиб кетдикки, унинг қадрини йўқотдик – сўз фақат бирдан-бир мақсад бўлиб қолди. Аммо бу вақтинчалик фалокат эканига, сўз ҳали ўзининг ахлоқийлик ва бунёдкорлик фаолиятига қайтишига ишонаман. Шунинг учун ишонаманки, биз энди замонавий одамнинг асосий мулки – сўз эркинлигига эгамиз. Биз касалдан турдик, биз тузалаяпмиз. Сўз эркинлигисиз ҳаёт табиий бўлмайди.
Икэда: – Ҳаммаси шунчаки эмас. Фақат тузум “сўз эркинлиги” ёки “виждон эркинлиги” кафолатини бериши сабабли одамнинг ички моҳияти такомиллашиши даргумон. Шу маънода “қонун – бу қуйи табақалар ахлоқи” (паст даражадаги ахлоқ). Ва ушбу “қуйи табақа”дан то “юқори поғона”гача бўлган ҳуқуқий ва систематик кафолатлар туфайли қобилиятини ривожлантириш, сўзсиз, инсоннинг ўзига боғлиқ. Тарих берган дарсни унутмаслик керак: Германияда Веймар республикаси демократик қонунларнинг мустаҳкам базасидан вужудга келгандай кўринганди, охир-оқибат жирканч Учинчи рейхнинг жарига думалаб кетди. Биргина урф муаммосига эътибор қаратайлик: таажжуб, ниҳоятда кам одам ўз ҳақиқий дидига эга.
Худди шундай, сўз билан муносабатнинг, уни муайян одамга мос равишда, моҳиятига мувофиқ қилиб етказишнинг қийинлигини эса, мутлақо камчилик англайди. Айримлар учун улар сўз ишлатаётгандай кўринадилар. Бироқ – ҳатто тахмин қилганимиздан кўра кўпроқ – айнан сўз бошқаради бу одамларни. Аммо бу, албатта, ҳеч қандай ҳолатда ҳам, чиқиш йўли – одамни сукутга чўмдириш, дегани эмас, бу зиндонда ёлғизлик ва ишончсизлик бор. Инсон ўз-ўзидан инсон бўлиб қолмайди. Фақат бепоён “сўз уммони”да сузишни ўргансагина Инсонга айланади.
(Давоми бор)
Рус тилидан ОЙДИННИСО таржимаси