Ҳафтанинг ҳар шанба ва якшанба кунлари ЎзАда жаҳон адабиётининг буюк вакили Чингиз Айтматов ва япон мутафаккир-адиби Икэда Дайсакунинг турли мавзулардаги суҳбатини эътиборингизга ҳавола этиб борамиз. Суҳбат Чингиз Айтматовнинг «Буюк руҳ қасидаси» номли китобидан таржима қилинган...
(Давоми. Олдинги қисми 24 июлда эълон қилинган)
Энди – “урф” ҳақида. Мендан одатда Хемингуэйни яхши кўриш-кўрмаслигим ҳақида хижолатомуз сўрашади. Хижолатпазлик сабабини мен тушунаман, Хемингуэйга тақлид қилганманми-йўқми, билмоқчи бўлишади. “Чол ва денгиз”нинг қаҳрамони ва “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”нинг қаҳрамони балиқ билан гаплашган бўлса, бунда тақлид борми? Ҳа, улар – маънавий биродарлар. Ва шунга ўхшаш вазиятга тушиб қолган одамлар, табиий кучлар олдида тўсатдан – ҳаётининг энг муҳим лаҳзасида – қачондир улар шу табиий кучдан яралган бўлиб, одам сифатида дунёга келганини ва энди ҳеч бўлмаса ўлим олдидан ҳам уни лаънатлашга ҳаққи йўқлигини, балки аксинча, унга, асосчи онасига муносиб эканини исботлаш кераклигини “эслаб қолишади”. Бу ерда манманликка ишора ҳам йўқ. Улар, айни дақиқада, менимча, тирикликнинг энг юқори нуқтасини бошдан кечирмоқдалар, ҳаёт уларга ҳамиша ҳам ҳис эттирмайдиган кучли эҳтирос, ниҳоят, шеър шаклида юзага чиқади.
Сизга ҳам бу ерда ўз-ўзидан: одам ўлим олдидаги қўрқувни енгиш учун шоир бўлиши керак, деган хулоса келиб чиқадигандай туюлмайдими?
Ахир, бугун замонавий цивилизациянинг “оммавий маданият”идан айнимаган ҳар қандай одам – табиатнинг табиий шоири. “Шеър ёзган одам эмас, шеъриятдан ўлган одам шоирдир”, – дейди Набоков. Аммо ўлим унинг учун йўқликни англатмайди. У кўпроқ – эврилиш, бу оламда бутунлай бошқа бир образда пайдо бўлиш имконияти.
Икэда: – Бугунги тузалмас рационалистлар, ҳеч шубҳаланмай, масалан, Овидининг “Метаморфозалар”ини қадимий афсоналарнинг шоирона қайта ишлангани, деб ҳисоблайдилар. Бу ҳодиса шуниси билан қизиқ: қулдорлик даврида “реализм” нима эди ва санъатда қандай ифодаланган? Ўзини қандай исботлаган?
Ч.Айтматов: – Август шоирларни фақат ишқий лирикаси учун сургун қилмагандир, деб ўйлайман.
Икэда: – Аниқроғи, шу. Ҳар қандай тоталитар давлат, ҳар қандай диктатура эртакдан, асосида ўз бошқарувига, одамларни қатъий, темир қонун-қоидалар орқали идора қилаётган якка шахснинг ҳуқуқига таҳдид солувчи ғоя ётмаганмикан, дея шубҳаланади. Ахир эртак – бу ишора, ўзгача кўринишдаги ҳаёт, ўзгача қарашдаги инсоний муносабатлар нишони, у орқали халқ ўзи орзу қилган турмуш тарзини ифода этиш имкониятига эга бўлади. Шунинг учун ҳам сизни яна саволимнинг аввалига қайтишга ундайман, бу борадаги фикрингизни билмоқчиман.
Ч.Айтматов: – “Болалар адабиёти” нашриёти икки жилдли “Жаҳон халқ эртаклари”га сўзбоши ёзиб беришимни сўради. Ўйлаб кўришни ваъда қилдим. Очиғини айтсам, шунчалик қизиқ таклиф бўлишига қарамай, деярли рад этмоқчи бўлиб тургандим. Эҳ, вақт... вақт... Энди эса рад этмайман. Қаршилик қилмасангиз, туғилаётган матндан айрим қайдларни батафсил гапириб берсам. Эҳтимол, мана бундай бошларман: “Дунёдаги биринчи эртак қандай туғилган? Уни ким яратган? Буни биз билолмаймиз. Аммо нега соч-соқоли оқарган қадимги одам кўз илғамас ниманидир ифодалашга эҳтиёж сезганини тахмин қилишим мумкин, қувонч ёки қайғу тўла қайноқ туйғулар, парвозга чанқоқлик ёки фазода учиб юрган буғу билан, гуркираб шовқин солаётган ўт-ўланлар, тунги фазо чексизлигида милтиллаб учаётган юлдузлар билан – Табиат билан қон-қариндошлик туйғуси уни қаттиқ тўлқинлантирган. Табиат унинг учун тирик бўлган. Нафас олган. Гапирган. Ўргатган. Огоҳлантирган. Ва шунингдек, қандайдир буюк сири билан доимий ўзига жалб этган. Унинг тагига етишга уриниш асносида инсон кўпроқ ва яна кўпроқ инсонга айланган. Чунки атрофни ўраб турган кўзга кўринмас ажиб кучларни ва кўриниб турган теварак-атрофни шунчаки кузатмаган, худди мусаввир каби хаёл қилган. У оламнинг ажойиб улуғвор сувратини чизган, унга илҳом бериб, қалбини забт этган бу – гўзал ва даҳшатли яратиқларнинг ажиб моҳияти, улар ўртасида юз берган ва юз берувчи поёнсиз ўзаро курашлар. Яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги абадий низо...”
Икэда: – Афсоналарда, сиз айтганингиздай, табиат ва инсон билан боғлиқ чуқур кузатувчанлик, донишмандлик бор. Бироқ ҳозирги болалар афсоналар билан расмли китоблар орқали ёки телевидение ёрдамида танишмоқда, бундай ишлов кўпинча асарнинг вазнини енгиллаштиради, баъзан эса сохта характер касб этади. Айниқса, кескин афсоналар ҳақида гап кетганда бу кўпроқ кўзга ташланади. Уларни болаларга ёмон таъсир қилиши мумкин, деган баҳона билан аямай қисқартирмоқда ёки юмшатмоқда. Мисол учун, Японияда “Катикатияна” номли қадимий эртак бор. Бўрсиқ момони ўлдириб, ундан шўрва қайнатиб, бобога ичирди, деб айтиб беришарди уни кўпинча. Бу эртакни жуда кескин деб ҳисоблашди, кампирнинг ўлдирилишини ўзгартиришди: гўё бўрсиқ ўлдирмаган, бошига урган эмиш. Кампирдан пиширилган шўрва тарихини эса қисқартириб ташлашди. Лекин машҳур япон руҳшуносларининг таъкидлашича, эртаклардаги қаҳри қаттиқлик бола юрагини қотирмайди ва ҳаётда бундай шафқатсизликларни такрорлашга асло иштиёқ уйғотмайди. Кўпинча акси бўлади, қаҳрли эртак ёки афсоналарни эшитган ва юрагидан кечирган болаларда бешафқат хатти-ҳаракатга бўлган майл йўқолади. Кескин афсоналарни қайта ишлаш ва сохталаштириш – фақат Японияга хос хусусиятга эга бўлган ҳодиса эмас. Бунда, менимча, замонавий дунёнинг патологияларидан бири бўлмиш умумий риёкорлик белгилари кўринади, шафқатсизлик, ўлим кабиларга ёвузлик деб қарашни эмас, уларни сезмаётгандек четлаб ўтишни афзал билишади. Шундай қилиб, ўлим касалхона каравотига ҳайдалади, аввалдан ва мазмунан ўлимга юз тутиши маълум бўлган одамнинг жонини олади, олдинги ишратпарастлик энди ичкиликбозликка айланади. Бунақа безиён, бичилган шарт-шароитда довюрак, бардошли, соғлом болаларни тарбиялаб бўлмайди. (Давоми бор)
Рус тилидан ОЙДИННИСО таржимаси