French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чингиз Айтматов замондошлари хотирасида
15:14 / 2021-12-13

Атоқли адиб ва давлат арбоби, қирғиз адабиётининг йирик намоёндаси Чингиз Айтматовнинг эзгулик тараннум этилган баркамол асарлари, жўшқин ижтимоий фаолияти нафақат қирғиз эли, айни пайтда бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрлидир.

Чингиз Айтматов ҳамда Ўзбекистон мавзуи ўз мазмун-мундарижасига кўра, жуда хилма-хил ва ранг-барангдир. Ўзбек халқига меҳр қўйган улуғ ижодкор бизнинг ўтмишимизни ҳам, замонавий адабий жараёнимизни ҳам яхши биларди.

Адиб таваллудининг 93 йиллиги муносабати билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси томонидан илмий- адабий анжуман ўтказилди.  

Унда Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ибрагим Жунусов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири А.Мелибоев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исажон Султон, филология фанлари номзоди Зуҳриддин Исомиддинов, Миллий университет профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Фанлар академияси докторантлари ҳамда  талаба-ёшлар иштирок этди.  

Тадбирда таъкидланганидек, адиб инсоннинг жамиятдаги ўрни, мавқеи, эмин-эркин яшаши, қилган меҳнатидан ҳам жисмонан, ҳам маънан қониқиши, кўнгил истагига кўра севиш ва севилиш ҳуқуқига эга бўлиши зарурлигини англади ва уларни адабиётга дадил олиб кирди. Шу боис ҳам ёзувчининг қаҳрамонлари анча-мунча қолипларга сиғмайди.

Мана шу фазилатларига кўра, Чингиз Айтматов ижоди юртимиздаги оддий китобхонлар онги, дунёқараши, хулқи ва турмуш тарзига жиддий ижобий таъсир кўрсатди, уларни ҳаётда учрайдиган қийинчилик ҳамда тўсиқларни ақл ва матонат билан енгиб ўтишга ўргатди. Чингиз Айтматов қаламга олган мавзу, муаммо ва воқеаларнинг ўзбек адиблари асарларига ўхшаши, ҳамоҳанглиги, ўзининг ғоявий йўналиши, бадиийлиги, ниятлари яқинлиги, эзгулиги билан ҳайратга солади.  

Бунинг сабабини асли қадим туркий халқлар авлоди бўлган ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркманларнинг тили, дили, дини, турмуш тарзи ва тарихи бир хиллигидан излаш тўғрироқ бўлади. Шу боис, уларнинг адабиёти ва маданияти ҳам бир-бирига яқиндир. 

Тадбир Чингиз Айтматов номидаги музейда давом этди.  
 

Равшан ОМОНОВ,  
ЎзМУ Журналистика факультети декан ўринбосари

 

ЎзА