Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чинакам бахт оила тинчлиги, фарзандлар саломатлиги, камолу иқболида
17:50 / 2020-03-07

Пойтахтимизнинг “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар залида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда ЎзА мухбири иштирокчиларнинг айримлари билан суҳбатлашди.


Пойтахтимизнинг “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар залида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда ЎзА мухбири иштирокчиларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

DSC_5594.JPG
Гулбаҳор Шарапова, Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги “Ғиждувон диагностика маскани“ хусусий клиникаси директори, “Дўстлик“ ордени соҳиби:

– Президентимиз аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда, энг аввало, тўғри ташхис қўйиш муҳимлигини доимо таъкидлаб келадилар. Бунинг учун малакали мутахассислар, замонавий тиббиёт жиҳозлари керак. Ўзим кўп йиллардан буён тиббиёт соҳасида ишлаб келаман. 2018 йилда банкдан имтиёзли кредит олиб “Ғиждувон диагностика маскани“ хусусий клиникасини очдик. Германиядан энг замонавий тиббиёт жиҳозлари олиб келдик. Клиникамизда ўттиз киши ишлайди. Уларнинг ҳаммасини танлов асосида ишга олганмиз. Ҳозирги кунда нафақат Ғиждувон, Вобкент, Пешку, Шофиркон, балки Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани, Зарафшон шаҳри аҳолисига ҳам хизмат кўрсатаяпмиз. Муҳими, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, барвақт ташхис қўйишга ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз.

Бугунги байрамда давлатимиз раҳбарининг хотин-қизлар ҳақида айтган фикрлари, билдираётган ишончи барчамизни янада қувонтирди. Ватанимиз равнақи йўлида янада шижоат билан ишлашга куч бағишлади.

DSC_5603.JPG
Нодира Муродова, Навоий давлат педагогика институти магистратура бўлими декани, иқтисод фанлари доктори, профессор:

– Маълум муддат таълимда сифат жуда пасайиб кетгани рост. Бу, менимча, соҳада тизим йўқолгани билан боғлиқ. Ҳозир Ўзбекистонда таълим соҳасида ислоҳотларнинг янги даври бошланган. Мақсад — мактабгача таълим, ўрта таълим, олий таълим ва ундан кейинги таълимнинг узвийлигини таъминлаш. Президентимизнинг илм-маърифатга, педагогларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратаётган эътиборини алоҳида таъкидламоқчиман.

Иқтисодчи сифатида айтишим мумкинки, бу жуда катта мотив. Ўқитувчи меҳнатининг қадри юксак баҳоланаяпти. Бунинг самарасини яқин келажакда кўришимизга ишонаман.

DSC_5623.JPGМалика Қодирхонова, Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси:

– Жамиятда опа-сингилларимизнинг фаоллиги ортиб бораётгани — жуда катта ютуқ. Бу ҳатто энг чекка қишлоқларимизда ҳам сезилаяпти. Аёлларимиз, қизларимиз янгиланишлардан шунчаки рози бўлиб ўтиришгани йўқ. Ўзлари ҳам ислоҳотларга баҳоли қудрат ҳисса қўшаяпти. Шу йўлда фидокорона меҳнат қилишмоқда.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида доимий асосда ишлаб келаяпман. Фаолиятимизни халқчил равишда олиб боришга ҳаракат қилаяпмиз. Яқинда қўмитада ялпи мажлис бўлиб ўтди. Бу ерда кўтарилган масалалар аввал ҳудудларда, халқ орасида муҳокама этилди. Ялпи мажлисда жойларда билдирилган таклиф ва эътирозлар инобатга олинди. Қолаверса, биринчи маротаба Сенат тадбирлари жонли эфирда тўғридан-тўғри намойиш этилиши яна бир муҳим янгилик бўлди.

Бундан ташқари, ҳарбир сенат аъзоси туманларга бириктириб қўйилди. Улар жойларга бориб, маҳаллий кенгаш депутатларига кўмаклашади, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатади.

Давлатимиз раҳбари бугунги байрам нутқида хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш ҳақида гапирди. Демак, аёлларнинг моддий таъминотини яхшилаш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилади. Бу йўлда барчамиз бирга ҳаракат қиламиз, албатта.

DSC_5641.JPGНилуфар Умарова, Қарши давлат университети ўқитувчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат“ медали соҳиби:

– Аёл киши эътибордан яшаради, деган гап бор халқ орасида. Бу– улуғ бир ҳикмат. Ўзбекистонда бу йилги хотин-қизлар байрамининг шукуҳи ўзгача. Опа-сингилларимиз юз-кўзларида ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ қувонч, мамнунлик ифодаси бор. Уларнинг эртанги кунга ишончи янада ошган. Чунки давлатимиз опа-сингилларимизни асраб-авайлаш, уларга эъзозу эҳтиром кўрсатиш чораларини кўраяпти. Бундай ғамхўрликдан узоқ қишлоқдаги чекка бир уйда яшовчи оддий аёл ҳам четда қолиб кетмаслиги таъминланяпти. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон кейинги йилларда дунё жамоатчилиги назарига тушди, эътирофини қозонмоқда.

Ижод – илоҳий жараён. Ҳар қандай асар ижодкорнинг қалб қўрида тобланиб, онг ва кўнгил чашмалари билан суғорилиб яратилади. Бу жараён машаққатини Президентимиз ҳам юрак-юракдан ҳис қиладилар. Шу боис доимо биз, ижодкорларни қўллаб-қувватлаб келадилар.

Давлатимиз раҳбарининг бугунги байрам нутқи ҳам биз учун худди шундай илҳом булоғи бўлди. Жуда руҳимиз кўтарилди ва дилимиздан бир ният ўтди: ким бўлмайлик, шоирами, олимами ёки уй бекасими, шу юрт равнақи учун муносиб ҳисса қўшиб яшашимиз керак!

Radzevil.JPGСветлана Радзивил, енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” унвони соҳиби:

– Ҳар бир атлет, катта майдонга фақат ғалабани кўзлаб тушади. Бунинг учун астойдил меҳнат қилади, ўз устида қаттиқ ишлайди. Чемпион ёки совриндор бўлиши эса ана шу интилишларига, қатъияту иродасига боғлиқ.

Жаҳон ва Осиё чемпионати, қитъа ўйинларида яхши натижаларга эришишим ортида ҳам заҳматли меҳнат, тинимсиз машғулотлар турибди. Галдаги маррам ҳам аниқ: жорий йил Японияда бўлиб ўтaдигaн XXXII ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритганман. Мақсадим Олимпия ўйинларида совриндор бўлиш.

DSC_5735.JPGНазира Мамбетшарипова, “Oʻzbekiston – 24” телеканали бўлим мудири, “Шуҳрат“ медали соҳиби:

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев юртимиз хотин-қизлари вакилларини бир дастурхон атрофига таклиф қилиб, табриклаши, дилидаги эзгу тилаклар билан ўртоқлашиши яхши анъанага айланди.

Бу йилги байрам тадбири ҳам шу билан файзли бўлди. Кўп яхши гаплар эшитдик, оилада, ишда, умуман, турмуш тарзимизда нималарга кўпроқ эътибор қаратишимиз зарурлигини янада теран англадик.

Астойдил қилинган меҳнат ўз самарасини беради. Мен учун ўтган 2019 йил жуда омадли келди. Президентимиз фармонига мувофиқ “Шуҳрат“ медали билан тақдирландим. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист унвони билан тақдирландим.

Чинакам бахт оила тинчлиги, фарзандлар саломатлиги, камолу иқболида. Президентимиз байрам нутқида ана шу жиҳатларга ҳам алоҳида тўхталди. Демак, биз ҳам ҳаётимиз мазмуни теран ва ғоят муҳим тамойилларга асосланишини фарзандларимиз онгу шуурига чуқур сингдиришимиз керак.