Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Чимён” медиафоруми журналистлар учун мулоқот майдони бўлди
12:38 / 2022-03-19

Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Чимён” сиҳатгоҳида ташкил этилган медиафорум якунланди.

Бир ҳафта мобайнида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзаро тажриба алмашди, малака ва маҳоратини оширди. Шу билан биргаликда соғлигини тиклаб, маданий ҳордиқ чиқаришди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг «Жаҳон» ахборот агентлиги бош директори Садриддин Суяров, Ўзбекистон Электрон оммавий оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжаев, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Умиджон Жабборов, Дониёр Ғаниев иштирокидаги юзма-юз мулоқотда ўзбек матбуотида мактаб яратган устозлар ибрати, журналистиканинг бугунги муаммолари ва истиқболи, қонунчиликдаги ўзгаришлар хусусида фикр юритилди.

Тажрибали экспертлар ахборот технологиялари жадал ривожланган АҚШ, Япония, Хитой, Жанубий Корея тажрибаси хусусида тўхталиб, бу давлатларда ижтимоий тармоқлар жадал ривожланганига қарамай, босма даврий нашрлар ҳам миллион-миллион ададда чоп этиб келинаётганини таъкидлашди. Шу маънода ҳар қандай шароитда ҳам газеталар яшаб қолиши кераклигига урғу берилди. Журналист фаолиятидаги муҳим мезонларга эътибор қаратилиб, ахборотнинг ишончлилиги, фактларнинг тўғрилиги ҳамда холислик катта ўрин тутиши ҳақида баҳс-мунозаралар бўлди. Медиафорумда иштирок этган "Америка овози" мухбири Навбаҳор Имомова бу борадаги тажрибалари билан ўртоқлашди.

– Дунёда сифатли маълумот кўп, – дейди Н. Имомова. –Ҳозир ҳар биримизнинг ўз ҳақиқатимиз бор. Ҳақиқат бу бизнинг фикримиз, воқеликка нуқтаи назаримиз эмас, балки холислик тамойилларига асосланган ахборотдир.  У журналист учун ким, нима, қаерда, нима учун деган саволга жавоб. Журналистика фаолияти бугун ниҳоятда қийинлашган. Бу жараёнда холислик ва бетарафликни асраб қолишимиз муҳимдир. Дунёни холис информацияга асосланган ишончли ахборот тебратяпти. Холислик тамойили, мантиқан фикрлаш қобилияти журналист учун энг муҳим жиҳат бўлиши керак. 

Ўнинчи бор ўтказилган медиафорум барча иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Бу каби мулоқотлар уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳудудлараро журналистлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш каби эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

[gallery-6227]

М.Сулаймонов, ЎзА
М. Қодиров олган сурат