Бўстонлиқ туманида жойлашган “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Chimgan challenge-2026” тоғ фестивали якунланди.
Маълумки, Президентимизнинг 2021 йил 4 февралдаги "Қишки спорт турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар" тўғрисидаги қарорига асосан мамлакатимизда қишки экстремал спорт турларини янада ривожлантириш белгиланган эди.


Вазирлик ва идораларда фаолият юритаётган спорт тарғиботчилари иштирокида анъанавий тарзда ўтказилган мазкур спорт тадбирининг бу галгиси ҳам муҳим мавзулар ва қизиқарли таассуротларга бой бўлди. Хусусан, фестивалнинг иккинчи кунида иштирокчилар мини футбол, волейбол, стритбол ҳамда стол тенниси спорт турлари бўйича беллашувларда салоҳиятларини синовдан ўтказди.


Шунингдек, спорт соҳасида фаолият юритаётган мутахассисларнинг салоҳиятини ошириш, ҳудудларда оммавий спортни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган лойиҳа давомида иштирокчилар ўртасида "Заковат" интеллектуал ўйини ташкил этилди.

Якуний натижалар сарҳисоб қилиниб, ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Тақдирлаш маросимида спорт вазири маслаҳатчиси Шарифжон Мўминжонов иштирок этди. Умуман олганда, ушбу фестиваль юртимизда жисмоний тарбия ва спорт тарғиботини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
А.Мусаев, ЎзА