English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чим устида хоккей ёрдамга муҳтож (+видео)
19:08 / 2026-01-08

Аждодларимиз чавғон ўйнатиб мусобақалашганлари тарихдан маълум. Бугун ҳам хоккейнинг бу турига эътибор катта. Шунинг учун мамлакат терма жамоаси халқаро мусобақаларда пешқадамларнинг бири.

Ҳар иш қуйидан, илдизи мустаҳкам дарахт бақувват бўлади, дейишади. Қўштепа туманида спортнинг чим устида хоккей тури ривожлангани, унинг тарбияланувчилари мамлакат шарафини ҳимоя қилаётган терма жамоа аъзолари экани маълум. Бунинг сабаби бу ерда фидойи мураббийлар, иқтидорли спортчи қизлар борлигида.  

– 8 та мусобақада иштирок этдик, – дейди чим устида хоккей вилоят федерацияси ижрочи директори Абдулҳамид Ваҳобов. – 14 ёшлик қизларимиз Хоразмда, 16 ёшлилар Фарғонада иккинчи ўринни эгаллашди. 18 ёшли қизлар ўртасидаги мусобақада бизнинг жамоа Ўзбекистон чемпиони бўлди. 21 ёшли қизларимизга эса Андижонда иккинчи поғона насиб этди.

Вилоятда 450 нафар чим устида хоккей билан шуғулланувчи бўлиб, унинг 105 нафари ўғил болалар, қолгани қизлардир. Уларга 20 нафар мураббий чим устида хоккейни ўргатиб келмоқда.

– Мен чим устида хоккей билан 7 йилдан буён шуғулланаман, – дейди Ноила Олимова. – Кўп натижаларга эришдик. Масалан, 2025 йилда Индонезия, Малайзия, Хитой ва Беларусда ўтган мусобақаларда иштирок этдим.  

– 9 синф ўқувчисиман, – дейди Зулфия Соҳибова. – 7 йилдан буён шуғулланаман. 2024 йилда Малайзияда ўтган мусобақада иштирок этиб, кумуш медаль билан тақдирландим.  

– Бу ерга хоккейга қизиқиб келганман,– дейди 3-синф ўқувчиси Муслима Номонова. – Бир йилдан буён шуғулланаман. Мусобақаларда ҳам иштирок этдим. Хоразм ва Андижондаги турнирда иккинчи ўринни эгалладик.      

Хоккейчи қизлардан Мухсина Муродова ва Ноила Олимовалар Ўзбекистон терма жамоаси таркибига олинган. Улар яқинда Беларусдаги йиғинда бўлиб қайтишди.    

2025 йилда Қўштепадаги 23- мактаб ҳудудидан ер ажратилиб, чим устида хоккей стадиони, томошабинлар учун ўриндиқлар, спортнинг шу турига мўлжалланган бино-иншоотлар қурилди. Аммо...

– Улар ҳозирча спорт бошқармасининг ихтиёрида турибди. Буни на Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, на Спорт вазирлиги ўз ихтиёрига олмаяпти, – дейди Абдулҳамид Ваҳобов. –Кўриб турганингиздек, бино хоналари бўм-бўш. Ҳеч қандай инвентар, жиҳоз йўқ. Қозонхона қурилган. Қишнинг совуғида уни ёқиш керак эди. Бунинг учун бизга ходимлар иш ўрни ажратилиши керак. Аввало, Президентимизга раҳмат, шундай биноларни қуриб берганлари учун. Бунақа мактаб фақат Андижонда бор. Биздаги иккинчиси.  

Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси спорт вазирининг 2025 йил 15 июлдаги “Фарғона вилояти Қўштепа тумани спорт мактабининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тўғрисида”ги буйруғида шундай дейилади:

“...Қўштепа тумани “Шаҳартепа” МФЙ ҳудудида спортнинг чим устида хоккей турига қизиқувчи ёшлар учун спорт мактаби барпо этилганлиги инобатга олинсин.

...Барпо этилган чим устида хоккей спорт иншоотини Қўштепа тумани спорт мактаби балансига қабул қилиш чоралари кўрилсин.

Вазир А.Икрамов” Афсуски, вазир буйруғи қоғозда қолиб кетди, ҳалигача бажарилмади. Вилоят спорт бошқармаси раҳбари билан бўлган мулоқотда у буйруқ бажарилмаганининг сабабини Қўштепа спорт мактаби учун қўшимча молиявий маблағ ажратилмагани билан изоҳлади. Қолаверса, Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигининг ҳам розилиги керак, деди у.

Шундай қилиб, стадион бор, бино бор, 20 нафар малакали мураббий ишлаяпти. Аммо ҳуқуқий мақом йўқ. Мураббийлар эса...

– Улар иш ҳақини Фарғона теннис мактабидан, Қўштепа, Қува, Қувасой, Ёзёвон, Тошлоқ туманлари спорт мактабларидан олишмоқда. Қурилган чим устида хоккей майдонига 6 та спорт турини ҳам қўшиб спорт мактаби мақоми берилади, деган умидда яшаяпмиз, – дейди Федерация ижрочи директори.

Чим устида хоккей фидойиси Абдулҳамид Ваҳобов умид билан вазир буйруғининг ижроси ва молиявий қарорларни кутяпти. Унгача эса...

– Клюшка (чавғон)ларни Қува тумани учун Спорт вазирлиги олиб берибди. Вилоят ҳокими эса уларга бошқа жиҳозлар ажратиб берган. Бизга эса ҳеч қандай жиҳоз: тўп ҳам, чавғон ҳам  берилмади. Уларни чет элга кетаётган тренерларга нақд пул бериб олдириб келяпмиз. Бунда ота-оналар ёрдам беряпти. Яна бир гап. Мусобақаларга бориб келиш учун ҳаражатларни қоплаймиз, дейишган эди. Биз 74 миллион сўм ўз ҳисобимиздан сарфладик. Барча ҳужжатлар бор. Аммо бу пулни беришмади, унга куйиб қолдик.  

Мамлакатимиз ҳудудларида биронта ҳам муз устида хоккей жамоаси йўқ. Шунга қарамай, пойтахтда “Ҳумо” аренаси қурилди. Хоккей командалари тузилди. Улар ҳатто халқаро мусобақаларда иштирок этмоқда.

Барча вилоят, шаҳар, туманда Андижон, Тошкент, Қўштепадаги каби жамоаларни тузиб чим устида хоккейга ўн эмас, юз минглаб ёшларни жалб этиш мумкин. Хўш, унда нега Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидаги муаммолар ечим топмаяпти?

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/qKFrXtOcEH4" title="Chim ustida xokkey yordamga muhtoj" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА