Индонезия пойтахти Жакартада чим устида хоккей бўйича эркаклар терма жамоалари ўртасида давом этаётган Осиё хоккей федерацияси кубоги мусобақасининг 2-тур ўйинлари якунланди.
Хабар берганимиздек, чим устида хоккей бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Таиланд, Шри-Ланка ва Қозоғистон вакиллари билан “А” гуруҳида иштирок этмоқда.
Ўтказилган икки тур ўйинлари натижасига кўра, вакиллармиз гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб турган бўлса, Шри-Ланка жамоаси кеча Қозоғистон терма жамоасини мағлуб этган ҳолда якка пешқадамликка эришди.

“А” гуруҳида Шри-Ланка хоккейчилари кейинги босқич масаласини ҳал қилган бўлса, 2-ўрин учун кураш Таиланд, Қозоғистон ва ҳамюртларимиз ўртасида кечади.
Бугун – 17 март куни Ўзбекистон – Қозоғистон жамоалари ўртасидаги ўйин гуруҳда ким 2-ўрин билан кейинга босқичга чиқишини ойдинлаштиради. Терма жамоамиз кейинги босқичга чиқиши учун қозоғистонликлардан туп ўтказмаган ҳолда йирик ҳисобда қўшниларни таслим этиш талаб қилинади.
“Б” гуруҳида эса Оман, Сингапур, Бангладеш, Индонезия ва Ҳиндистон жамоалари ўртасида ўтган ўйинлар натижасига кўра, ҳозирча Оман ва Бангладеш жамоалари 1 ва 2-ўринларни бўлишиб туришибди. Гуруҳ етакчиси бугун 17 март куни ҳар икки жамоанинг ўйинидан кейин маълум бўлади.
Эслатиб ўтамиз, жамоаларнинг ўз гуруҳларида эгаллаган ўринларига кўра, 19-20 март кунлари 5-8-ўринлар ҳамда гуруҳларида биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган 4 та жамоа совринли ўринларни эгаллаш мақсадида майдонга тушишади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА