Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Чилмаҳрам ота” зиёратгоҳи қаерда?
13:21 / 2023-06-07

Жиззах вилояти ҳудудида кўплаб муқаддас қадамжолар мавжуд. Уларнинг бир қисми яхшигина ўрганилиб обод этилган бўлса, каттагина қисмининг тарихини ўрганиш талаб этилади.

Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”  ги фармонига асосан маҳаллий ҳокимликларга тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш вазифаси юклатилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.  

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 февралдаги “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида” ги қарори ҳам айнан шу мақсадда қабул қилинган.  

Тўғри, Юртбошимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги ҳамда ҳукуматнинг 2018 йил 18 февралдаги фармон ва қарори ижроси доирасида миллий анъана ҳамда қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, аждодларимиз хотирасини улуғлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш, уларнинг мусулмон оламида нуфузини янада ошириш борасида бир қатор таъмирлаш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Аммо бу барча муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар обод этилиб, ўрганилганини ва қолаверса халққа оммалаштирилганини  англатмайди.  

Жумладан, “Чилмаҳрам ота” зиёратгоҳи ҳақида сўрасангиз, нафақат ёшларимиз, балки ёши бир жойга бориб қолган кексаларимиз ҳам, ушбу қадамжони қайси ҳудудда жойлашгани у ёқда турсин, балки шундай зиёратгоҳ борлигини ҳатто эшитмаганини ачиниш билан таъкидлаш лозим. Лекин билмасликлари уларнинг эмас балки, тарихчи, географ, геолог, археолог ва бошқа шуларга яқин олимлар, биз, журналистларнинг айби десак муболаға бўлмайди.  

Жиззах вилояти Янгиобод туманидаги мазкур “Чилмаҳрам ота” зиёратгоҳи “Хўжамушкент” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида, Тожикистон билан чегарадош Баят, Эрганали қишлоқлари юқори қисмида, Баятсойнинг жанубий қирғоғидаги кўҳна қабристон ичида жойлашган. Зиёратгоҳнинг асосий қисми бўлган мақбара ҳамда қадимий тут дарахти халқаро “Олтин мерос” хайрия жамғармаси тасарруфига олинган. Ушбу маскан сўнги бор 2015 йилда ҳашар йўли билан қайта таъмирланган.  

Бу ернинг табиати: булоқлардан ҳосил бўлган зилол сувли санглоқ (кичик сой ёки жилға)лар, асосан пистазорлардан иборат ажиб боғлар ва эски қабристон ҳамда неча минг йиллик остадон – мазкур гўшада зардуштийлар давридаги қадим аждодларимиз истиқомат қилган манзилгоҳ эканидан далолат беради. Айни пайтга келиб қайта тикланган ушбу мақбаранинг кун ботиш томонида юқорида таъкидланган остадонни эслатувчи қозонсимон хум жойлашган.  

Маълумот ўрнида, “Остадон” лойдан ясалган махсус идиш бўлиб, зардуштийлар вафот этган аждодлари суякларини ана шу идишда сақлаган. “Остадон” сўзи қадимги эроний тилларда “суяк сақланадиган идиш” маъносини беради. Бугунги форс-тожик тилидаги “устухон” сўзи ҳам қадимги эроний тиллардан “ост” (суяк) сўзидан келиб чиққан, деган тахмин мавжуд.  

Маҳаллий аҳоли томонидан ҳашар йўли билан ушбу гўшани ободонлаштириш, таъмирлаш, тупроқ ишларини бажариш чоғида топилган мазкур қизил сополдан ясалган остадон, яъни суяк сақлайдиган хумнинг бир чети, тозалаш пайтида, кетмон тегиши туфайли дарз кетган, одамлар уни шу ҳолда сақлаш мақсадида тупроқ орасида қолдиришган. Лекин айни вақтда унинг ичида нима борлиги номаълум.  

Соҳа мутахассисларининг фикрича, бу – Моворауннаҳрга ислом кириб келишидан аввалги одамлардан бири дафн этилган остадон бўлиши мумкин экан. Мақбаранинг кунчиқиш тарафида эса ертўлани эслатувчи ғор ҳам мавжуд.  

Ривоят қилинишича, бу ғор 40 авлиё дарвеш зикр тушадиган, чилла ўтириб тафаккур қиладиган жой вазифасини бажариб келган. Дарвешлар 40 нафар бўлганлари учун “Чилмаҳрам”, яъни “Қирқ маслакдош”, Қирқ сирдош” деб аталган. Бу қирқ маҳрам юртимизнинг қирқ гўшасидан келиб, бу ерда вақти-вақти билан тўпланиб турганлиги эҳтимолдан холи эмас.  

Зиёратгоҳнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлган шахс ҳақида шундай бир ривоят ҳам бор. Ғорда кечаси авлиёлар жаҳрий зикр қилиб ўтирганда бешикка боғланган маҳаллий 3-4 ёшли болакай ўзини ўзи ечиб, бу ерга келиб, мажлисга қўшилади...  

Одатда оилада ёлғиз ўғил болалар юрадиган бўлиб қолса ҳам, бешикда ётишни канда қилмаган. Укасига бешикни бўшатиб бермаган, онаси эркатой боланинг кўнглига қараб сумак ва туваксиз боғлаб қўяверган. Тунда ота-онасига сездирмай яна бешикка ўзини ўзи боғлаб ётиб олаверган.  

...Шундай тунларнинг бирида ота-она бола бешикда йўқлигини билиб қолади ва қанча излашмасин, уни тополмайди. Эрта тонгда қарашса, бешикда бола яна боғланганича ухлаб ётибди. Шундан сўнг, ҳар тун унга галма-гал пойлоқчилик қилишади.  

Орадан маълум вақт ўтиб, тунларнинг бирида бола бешикдан ўзини бўшатиб, туриб ўша ғор томон кетади ва ғорга етиб бориб, қирқ дарвеш сафига қўшилади. Ортидан кузатиб борган ота-она гап нимада эканлигини англаб ҳам хурсанд бўлади, ҳам ташвишга тушади.  

Айтишларича, бу бола улғайиб, авлиёлар тарбиясини олиб, маънавий камолликка эришади ва элини илм йўлига ундашга хизмат қилади. Вафотидан сўнг эса халқ орасида (қирқ маҳрамга қўшилгани учун) Чилмаҳрам ота номини олади.  

А.ҚАЮМОВ, ЎзА