Инновацион ривожланиш вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.
Пахтачилик кенгаши раиси, Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов раислик қилган мазкур йиғилишда пахта навларини ҳудуднинг иқлим-тупроқ шароитларига қараб экилишини таъминлаш, пахта навларини алмашлаб экиш, ҳар бир навга мос агротехник тадбирларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Иброҳим Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, миллий пахта навлари маркетинги билан шуғулланишга алоҳида эътибор бериш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларга асосланган уруғчилик, нав танлаш, ерга ишлов бериш ишларини йўлга қўйиш орқали пахта-тўқимачилик соҳасида экспорт ҳажмлари ва даромадни ошириш бугуннинг муҳим масалаларидан биридир.

Йиғилишда навни жойлаштиришда нав муаллифларининг манфаатдорлиги бўлгани боис коррупциянинг олдини олиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Турли навларни маълум участкаларга экиш ва уларни айни кунлардаги табиий иқлим-тупроқ шароитларига мослигини аниқлашга келишилди. Эндиликда илмий-тадқиқот институтларининг синов майдонларида эмас, айнан кластерлар далаларида тажрибалар синовини ўтказиш муҳимлиги айтиб ўтилди.
Қайд этилишича, нав муаллифлари ўз навларининг реал ҳосилдорлигини аниқлаш мақсадида дала майдонларига чиқиб мониторинг ишларини амалга оширишлари талаб этилади.
Эртапишар ва ўртапишар навларга алоҳида агротехник тадбирларни ишлаб чиқиш, пахта навларининг муайян ҳудуд ва ер участкаларига мослиги харитаси тузилади.
Ҳар бир нав, алоҳида ҳудудлар учун замонавий агротехник тадбирлари яратилади. Уруғчилик далалари ва пахта далаларига алоҳида шароитлар бўлиши таъминланади.
Сўнгги йилларда кундузги ва тунги ҳарорат бир хил бўлиб қолаётгани, янги турдаги ҳашаротларнинг кўпайиб бораётгани ушбу шароитга чидамли навларни кўпайтиришни тақозо қилмоқда.
Соҳа мутахассислари вилт касаллигининг олдини олиш учун чигитларни текшириш амалиётини йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлади.Чигитлар аввал лаборатория шароитида текширилади, фақат махсус рухсат олинганидан кейингина экиш ишлари амалга оширилади.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, мамлакатимизда бугунги кунда пахта толасини 100 фоиз қайта ишлаш йўлга қўйилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА