Андижон вилоятининг қатор туманларида 2023 йил пахта ҳосилини етиштириш борасидаги муҳим вазифаларга бағишланган семинарлар ўтказилиб, чигит экиш ишлари бошланди. Ана шундай семинарлардан бири Марҳамат тумани, Тўхтасин Мирзаев массивидаги “Ойдин йўл” фермер хўжалигида ташкил этилди.
Пахтачилик соҳасида Андижонда улкан тажриба мактаби яратилган. Плёнка остига чигит экиш, ҳосилни эрта етиштириш, сифатли ҳосил олишда марҳаматлик пахтакорларнинг ҳам ўзига хос илғор анъаналари бор. Шу боис ҳам туман пахтакорлари ҳар йили пахтадан мўл ҳосил етиштириб келади. Тумандаги сектор ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари, “Marhamattekstil agro” масъулияти чекланган жамияти кластер корхонаси мутахассислари, пахтачилик соҳасига алоқадор ташкилотлар вакиллари иштирок этган тадбирда чигит экиш ишларини тез ва сифатли ўтказиш, чигитни бир текисда ундириб олиш билан боғлиқ масалалар хусусида атрофлича сўз юритилди. Бу борада зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Семинардан сўнг мазкур хўжалик далаларида чигит экиш ишлари бошланди. Жорий йилда тумандаги 181 та фермер хўжалиги ҳамда “Marhamattekstil agro” масъулияти чекланган жамияти кластер корхонаси томонидан жами 4 минг 315 гектар майдонга чигит экилиб, пахта ҳосили етиштирилиши белгиланган. Чигит экиш ишлари олдидан тумандаги “Хўжабосмон ота” зиёратгоҳида эҳсон оши қилинди. Бу каби семинар ва тадбирлар Олтинкўл, Хўжаобод туманларида ҳам бўлиб ўтди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА