Чигит экиш бошланди
Юртимизда Наврўзи олам кенг нишонланаётган шу кунларда Қорақалпоғистон Республикасида ҳам чигит экиш ишлари бошлаб юборилди.
Юртимизда Наврўзи олам кенг нишонланаётган шу кунларда Қорақалпоғистон Республикасида ҳам чигит экиш ишлари бошлаб юборилди.Элликқалъа тумани деҳқонлари Қорақалпоғистон Республикасида биринчилардан бўлиб тупроққа уруғ қадади. Шу муносабат билан туманнинг “Ақчакўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги Худойберган Эрназаров номидаги фермер хўжалиги даласида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, фермерларга хизмат кўрсатувчи корхоналар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда экиш мавсумини тўғри ташкил этиш, техникадан унумли фойдаланиш, мавсумни тез ва сифатли якунлаш борасида фикр алмашилди.
Худойберган Эрназаров номидаги фермер хўжалиги аъзолари жорий йилда 40 гектар майдонга “Омад” навли чигит экиб, гектаридан 40 центнердан ҳосил олишни режалаштирган. Бунинг учун қишки шўр ювиш ишлари сифатли бажарилиб, даланинг тупроқ шароитига қараб чигит экишга киришилди.
Бу йил тумандаги 374 фермер хўжалиги 11 минг 850 гектар майдонга чигит экишни мўлжаллаган.
– Мўл ҳосил етиштиришнинг асосий омилларидан бири навни тўғри танлаш, – дейди туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Шуҳрат Қўшназаров. – Йиллар давомида орттирилган тажрибага биноан деҳқонларимиз бу йил ғўзанинг “Омад”, “Омад элита”, “Бухоро-102”, “С-4727” навларини экишни режалаштирмоқда. Бу йил ҳам мавсумга пухта ҳозирлик кўрилди. Мавжуд 511 техника 48 отрядга бириктирилиб, барча шароит яратилди, техникаларга хизмат кўрсатиш учун кўчма устахоналар дала бошига чиқарилди.
Тўрткўл тумани пахтакорлари ҳам чигит экишни бошлаб юборди. Туманнинг “Уллиғбоғ” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган "Дилшодбек-Эъзозбек" фермер хўжалиги даласида ўтказилган кўргазмали семинарда асосан “Султон” навини экиш ва парваришлаш, агротехника қоидалари ҳақида тавсиялар берилди. Мазкур хўжаликда 60 гектар майдонга ана шу нав уруғи экилади.
Бу эртапишар ғўза нави ўтган йили тумандаги “Яшнабод-Тўрткўл” фермер хўжалигида синов тариқасида экилиб, ундан 40 центнердан ҳосил олинган эди. Жорий йилда туманда 11 минг 450 гектар майдоннинг 6 минг 250 гектарига ана шу истиқболли нав экилади. 115-120 кунда пишиб етиладиган бу нав 38 фоизгача тола бериш хусусиятига эга. Бу фермерларга қўшимча даромад олиш имконини беради.
Чигит экиш мавсумининг бошланишига бағишланган тадбирларда фермерлар лимон кўчати етиштириш, қоракўлчиликни ривожлантириш, парранда, балиқ ва қуён парваришлаш бўйича ҳам тажриба алмашди.
Семинарларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.