Навоий вилояти Навбаҳор туманида “Вилоят фавқулодда вазиятлар давлат тузилмалари хизматларининг зарарли чигирткаларга қарши курашиш тадбирларини ташкил этиш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзусида кўргазмали махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.
Жорий йилда кўкламнинг анча серёғин келиши далаларда ўтларнинг ўтган йилларга нисбатан анча кўп бўлишига олиб келди. Бу эса ўз навбатида зараркунанда ҳашаротларнинг ҳам кўпайишига сабаб бўлади.
Маълумки, чигирткалар чорвадорларнинг энг ашаддий душманларидан бири бўлиб, улар дала-даштдаги барча ўт-ўланларни бир зумда еб битиришади. Шундай экан, ўсимликларни зараркунандалардан ишончли ҳимоя қилишни вазиятнинг ўзи кун тартибига қўймоқда. Айниқса, яйлов зараркунандаларидан ьўлган чигирткага қарши курашиш ўз вақтида амалга оширилмас экан, уларнинг босқини ҳар йили такрорланиши билан асоратлидир.
Мутахассисларнинг фикрича, чигирткаларга қарши курашишда, энг аввало, уларни тухум қўйиш ва тарқалишигача бўлган даврда йўқ қилиш самарали бўлиб, улар тарқалишининг олдини олишда барча субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш, яъни ёппасига йўқ қилиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ.
[gallery-17312]
Вилоят ҳудудида зарарли чигирткаларнинг доимий ўчоқлари ҳисобланган туманларда олиб борилган мониторинг ишлари натижалари бўйича кузги ҳамда баҳорги кузатувлар асосида тўпланган таҳлилий маълумотларга кўра, чигирткалар жорий йилда 44 минг 800 гектарда майдонда тарқалиши башорат қилинган. Уларга қарши 39 минг 100 гектарда кимёвий ишлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳозирги кунда Хатирчи туманида 915, Конимех туманида эса 905 гектар майдонда ишловлар ўтказилди.
– Асосан пуркагичли тракторлар, техникалар юриб бўлмайдиган ҳудудларда эса қўл аппаратлари ёрдамида ишлов бериш ишлари олиб бориш режалаштирилган, – дейди Навоий вилояти чигиртка ва тут парвонасига қарши курашиш хизмати мутахассиси Холмурод Зиёев. – Олдимизга қўйилган 39 минг гектардан кўпроқ майдонда ишлов бериш чоралари кўрилган. Вилоятимиз ҳудудига чигирткаларнинг Италия пруси ҳамда Марокаш чигирткаси каби турлари кўп зарар етказади. Улар бир ёшидан бошлаб уч-тўрт ёшигача чорва озуқасини еб битириш хавфи мавжуд. Бугунги кунда мутахассисларимиз томонидан 39 минг гектар майдонда кузатув ишлари олиб борилди. Мана шу майдонларда чигирткалар тарқалиш хавфи мавжудлиги аниқланди. Уларни ўз вақтида бартараф этмасак, чигиртка ўз вазнига нисбатан 300-400 баробар кўп миқдорда озиқланишини ҳисобга олсак, катта майдонларга зарар келтириши мумкин.
Зараркунанда чигирткалар тарқалишининг олдини олиш ва ўз вақтида кимёвий кураш ишларини ўтказиш мақсадида вилоятда 4 та махсус отряд ташкил этилган бўлиб, хизмат агроном назоратчилари томонидан яйловларда доимий кузатув- назорат ишлари олиб борилмоқда.
Ўқув машқида чигирткалар оммавий тарқалишининг олдини олиш тадбирларида кимёвий воситалардан фойдаланишда хавфсизлик чораларини кўриш, янги кимёвий препаратлар ва уларни ишлатиш қўлланмалари бўйича амалий тавсиялар берилди.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/kWLY579d8Tk" title="Navoiy viloyati chigirtka va tut parvonasiga qarshi kurashish xizmati mutaxassisi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари