Чехиянинг Брно шаҳрида ўтказилаётган "MSV-2025" халқаро саноат кўргазмасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Мазкур кўргазмада Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров раҳбарлигидаги делегация аъзолари ҳам иштирок этмоқда.

Қайд этилишича, 140 квадрат метр майдон танлаб олинди ҳамда стендлар қурилиб, барча зарурий чоралар кўрилди. Кўргазма доирасида 100 га яқин хорижий компаниялар билан В2В учрашувлар, инвестиция лойиҳалари ва экспорт шартномалари тузиш бўйича музокаралар ўтказиш режалаштирилган.

Кўргазмада “Made in Uzbekistan” бренди остида маҳсулот ишлаб чиқараётган ва хорижга, шу жумладан, GSP+ талаби асосида Европа давлатларига экспорт қилиш фаолиятини амалга ошираётган жами 66 та маҳаллий корхоналар танлаб олинди.

Халқаро кўргазмада электротехника саноати, қурилиш материаллари, автомобилсозлик, кимё саноати, IT ахборот технологиялари, тоғ-кон саноати ва металлургия соҳаларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилмоқда.

“MSV-2025” халқаро саноат кўргазмасида маҳаллий корхоналарнинг фаол иштироки муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигини янада кенгайтириш, шунингдек, “Made in Uzbekistan” бренди остидаги маҳсулотлар билан хорижий ишбилармонларни таништириш, хорижий давлатларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш, мувофиқликни баҳолаш, стандартлаштириш ва метрология соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳаллий стандартларни хорижий стандартлар билан уйғунлаштириш каби имкониятларни беради.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА