Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чехия президенти: Россиянинг Украинага босқини ҳақидаги маълумотлар АҚШ разведка идоралари учун навбатдаги шармандаликдир
16:32 / 2022-02-17

Чехия президенти Милош Земан Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақидаги маълумотни Америка разведка хизматларининг навбатдаги шармандаси деб атади, дея хабар бермоқда Чех радиоси ахборот портали.

- Бу АҚШ махфий хизматининг учинчи бора шарманда бўлиши, - дейди Милош Земан. Биринчиси Ироқда, у ерда оммавий қирғин қуроллари топилмади. Иккинчиси Афғонистонда, Толибон ҳеч қачон Кобулни эгалламайди, деб даъво қилганида. Учинчиси эса ҳозир.

Унинг таъкидлашича, АҚШ расмийлари сўнгги кунларда Россиянинг Украинага ҳужуми ҳар қандай вақтда юз бериши мумкинлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Европадаги барча иттифоқчилар Қўшма Штатлардан 16 февраль, чоршанба куни босқин бошланиши мумкинлиги ҳақида маълумот олган.

- Мен ҳужум 5 кундан кейин бошланади деган хабар олгандим, - деди Милош Земан. Бу хабар АҚШнинг CIA разведка агентлигидан келган эди. Хўш, кўриб турганингиздек, бу содир бўлмади.

- Мен Қўшма Штатлар марказий разведка бошқармасидан унинг қандай манбалари борлигини сўрамайман. Фақат айтиб ўтилган учта ҳолат асосида мен бу манбаларнинг сифатига шубҳа қиламан, - дейди Чехия президенти АҚШнинг Ироқ, Афғонистон ва Украинадаги нотўғри ҳисоб-китобига ишора қилиб.

Чехия президентининг фикрича, воқеалар фонида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг истеъфога чиқиши керак.
Сўнгги пайтда Ғарб мамлакатларида, шунингдек, Киевда Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши мумкинлиги ҳақида баёнотлар пайдо бўлган. Россия томони бу маълумотни бир неча бор рад этган. АҚШ 16 февраль куни Россия ҳужум қилишини маълум қилганди ва ўз фуқароларини эвакуация қилишни бошлаб юборганди. 

Бунинг оқибатида, элчихона ва консулликлар Украина пойтахти ҳамда шаҳарларини тарк эта бошлади. 16 февраль куни Украинага ҳеч қандай босқин бўлмади, бироқ АҚШ ва Ғарб дезинформацияси аллақачон Украинага жиддий иқтисодий зарар етказишга улгурди.