Чехия бош вазири Андрей Бабиш 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш ғоясини очиқ қўллаб-қувватлаб чиқди. Унинг айтишича, мутахассислар бу платформалар болалар руҳияти ва ривожи учун зарарли эканини таъкидламоқда.
– Мен бу ташаббусни қўллайман, чунки соҳа мутахассислари ижтимоий тармоқлар болаларга ниҳоятда салбий таъсир кўрсатишини айтишмоқда. Биз болаларимизни ҳимоя қилишимиз шарт, – деди Бабиш якшанба куни эълон қилган видео мурожаатида.

Мамлакат бош вазири ўринбосари Карел Гавличек ҳам ташаббус жиддий кўриб чиқилаётганини тасдиқлади. Агар Вазирлар Маҳкамаси розилик билдирса, шу йилнинг ўзида қонун лойиҳаси парламентга киритилиши мумкин.
Чехия бу масалада ёлғиз эмас. Сўнгги ҳафталарда Испания ва Греция ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларни чеклаш ташаббусини илгари сурди. Буюк Британия Австралия моделига ўхшаш қатъий тақиқни муҳокама қилмоқда, Франция эса 15 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқловчи қонун устида ишлаяпти.
Эслатиб ўтамиз, Австралия 2024 йил декабрида дунёда биринчи бўлиб 16 ёшгача бўлганларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни расман ман этган эди.
Кўпгина ўлкалар болаларнинг экран қаршисида ўтказадиган вақти, руҳий саломатлиги ва ижтимоий ривожига технологияларнинг таъсирини тобора жиддий хавф сифатида кўра бошламоқда. Чехия эса бу борада кескин чоралар кўришга яқин турган навбатдаги давлат бўлиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА