Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чеварчилик ортидан юксалган аёл
13:09 / 2026-03-06

Маълумки, юртимизда ҳунармандчилик қадимдан тараққий топган. Турли бежирим буюмлар яратиш, кундалик ҳаётда асқатадиган жиҳозлар тайёрлаш, шу орқали ўз меҳнати билан одамларга наф келтириш қадрият даражасига кўтарилган.

Айниқса, сўнгги йилларда тикувчилик ва миллий ҳунармандчилик йўналишлари аёллар учун даромад манбаига айланди. Марғилон шаҳридаги Машад маҳалласида яшовчи Абдураҳмоновлар оиласи ҳам мана 10 йилдан буён кўрпа-тўшак тайёрлаш орқали ўз оилавий бизнесини йўлга қўйиши натижасида 30 нафардан ортиқ хотин-қизни касаначилик асосида иш билан таъминлаб келмоқда.

Кўрпа-тўшаклар сифати ва миллий нақшлари билан нафақат маҳаллий аҳолини, балки хорижликлар эътиборини ҳам ўзига тортган. Бугунги кунда Абдураҳмоновлар оиласи томонидан бир ҳафтада ўрта ҳисобда 150-200 тадан тайёрланаётган кўрпа-тўшаклар Россияга ҳам етказиб берилади.  

–Дастлаб уй шароитида, кичик ҳажмда бошланган бу фаолият бугунги кунда барқарор даромад манбаига айланди, –дейди тадбиркор-ҳунарманд Машрабхон Абдураҳмонова. – Биринчи буюртмалардан кейин маҳалладаги аёллар ҳам қизиқиш билдирди. Ҳозирда касаначилар уй шароитида фаолият олиб бормоқда. Улар матоларни тайёр ҳолда қабул қилиб, тикиш ва безак ишларини амалга оширади. Тайёр маҳсулотлар эса харидорларга етказиб берилади.

Миллий кўрпа ва кўрпача тикиш (қаваш) сабр, дид ва жисмоний куч талаб этадиган, осон бўлмаган ҳунарлардан бири. Ҳар бир нақш, ҳар бир қатор ортида чевар аёлларнинг машаққати, меҳр-муҳаббати ва фидойилиги мужассам бўлади. Машрабхон ҳам ана шундай чевар аёллардан бири ҳисобланади.

Гулноза Бобоева, ЎзА