Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чевар қизнинг харидоргир маҳсулотлари
16:47 / 2015-04-08

Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги Бордонкўл маҳалласида ҳунарманд қизлар тикаётган замонавий пардалар, келинлар учун сарполар, совғабоп буюмлар харидорларга манзур бўлаётир.


Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги Бордонкўл маҳалласида ҳунарманд қизлар тикаётган замонавий пардалар, келинлар учун сарполар, совғабоп буюмлар харидорларга манзур бўлаётир.

Тикувчилик устахонаси раҳбари Гулноза Қўчқорова ташаббускор ёшлардан. У болалигидан либослар эскизини чизиш, қўғирчоқларга кўйлак тикиш, буюмлар ясашни хуш кўрарди. Бу қизиқиш уни шу соҳани мукаммал ўрганишга ундади. Айни вақтда унинг устахонаси буюртмачилар билан гавжум.

Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, қизиқиш ва истеъдодини юзага чиқариш, касб-ҳунарга йўналтириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугун ҳаётга катта орзу-мақсадлар билан кириб келаётган, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, ҳар томонлама рағбатлантирилаётган ёшлар орасида чевар қиз Гулноза Қўчқорова ҳам бор. У Миробод туманидаги 214-умумтаълим мактабида таълим олаётган давридаёқ кўплаб ютуқларга эришган. Жумладан, “Ёш талантлар”, “Сиз ҳуқуқингизни биласизми?”, “Конституция – бахтимиз пойдевори”, “Зулфияхоним қизлари”, “Ораста қизлар” каби танловларда ғолиб бўлган. Тошкент ихтисослаштирилган хотин-қизлар коллежида ўқиб юрган кезларида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти етакчиси сифатида фаолият юритган.

– Давлатимиз раҳбарининг ёшлар бизнинг нафақат ишончимиз ва келажагимиз, улар бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир, деган сўзлари менга доимо куч бағишлайди, – дейди Гулноза. – Ёшларга билдирилаётган бундай ишонч ва яратилаётган шароитлар бизни янада кўпроқ изланишга ундайди. Шу билан бирга, кўрсатилаётгган бундай эътибор ва ғамхўрликка жавобан Ватанимиз ва халқимизнинг корига ярайдиган мутахассис бўлиш масъулиятини ҳис этиб турамиз.

Гулноза “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан 2014 йилда ўтказилган “Менинг бизнес ғоям” танловининг мамлакат босқичида амалий санъат йўналиши бўйича ғолиб бўлиб, “Микрокредитбанк”нинг Юқори Чирчиқ тумани бўлимидан имтиёзли кредит олди. Ушбу маблағ эвазига тикув цехи очди. Айни вақтда цехда буюртма асосида келинлар учун миллий либослар, кийим-кечак тикиш йўлга қўйилган. Гулноза беш нафар тенгдошининг ҳам бандлигини таъминлади.

– Тикувчилик цехида ўз мутахассислигим бўйича ишламоқдаман, – дейди Муҳтабар Акрамхўжаева. – Ўз тенгдошларим билан бирга меҳнат қилаётганим ва юз хилдан зиёд маҳсулотларни тайёрлашда ҳиссам борлигидан мамнунман.

Ёш тадбиркор фаолиятини кенгайтириш ва миллий усулда тикилаётган маҳсулотларни жаҳонга кенг намойиш этиш, қўшимча иш ўринлари яратиш ниятида. У академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорликда иш олиб бориб, ўқувчилар учун ўқув формалари тикишни режалаштирмоқда.

Мухтасар айтганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик равнақ топиб, тадбиркорлар сафи кенгаяётгани ички бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш, ёшларни иш билан таъминлаш ва шу аснода уларнинг муносиб даромад топиши, фаровонлигининг ошишида муҳим омил бўлмоқда.