Чет тилини масофавий ўрганиш самаралими?
Анъанавий таълим мобайнида, барчамизга маълум методлар орқали дарс самарадорлигини ошириш йўллари мавжуд эди.
Замон талаби ва ягона тўғри чора ҳисобланган таълимнинг масофавий шакли таълим берувчилардан дарс жараёнига ўзига хос ёндашувни талаб қилмоқда. Анъанавий таълим мобайнида, барчамизга маълум методлар орқали дарс самарадорлигини ошириш йўллари мавжуд эди.
Аммо бугун дарс машғулотлари қандай самара беради? Айниқса, чет тилини ўрганиш жараёнининг масофавий олиб борилиши тил малакаларини ошира оладими? Бу каби саволларга ижобий жавоблар олиш мумкинлигини Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали «Умумтаълим фанлари» кафедраси ўқитувчиларининг машғулотларга индивидуал ва креатив ёндашувлари орқали кўришимиз мумкин.
Филиалда масофавий таълим орқали ташкил этилаётган дарслар ҳар бир ўқитувчининг соҳа фидойиси эканлигини кўрсатмоқда. Бу ўз навбатида, талабаларни ҳам янада фаолликка ундамоқда. Айтишимиз жоизки, кафедра профессор-ўқитувчилари таълим беришнинг янгича йўналишида ҳам ўзига хос услуб ярата олмоқда. Жумладан, Зуҳра Иканованинг Cambridge Assesment English томонидан ташкил этилган “Талабаларни Cambridge инглиз тили – тинглаб тушуниш малакаси имтиҳонига онлайн тайёрлаш” мавзусидаги вебинарда муваффақиятли иштироки «Юристлар учун хорижий тил» модулидан масофавий дарслар учун янгича ёндашувни такомиллаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Юқори педагогик маҳорат эгаси Жасур Утамурадов эса ўз дарсларига хорижлик мутахассисларни чет тили соҳиби сифатида таклиф этиб, натижада талабаларнинг инглиз тили бўйича малакаларини ривожлантиришга ва уларнинг тил ўрганишга бўлган иштиёқини оширишга эришмоқда.
Маъмура Алланазарова ташаббуси билан талабалар онлайн дарслар мобайнида бошқа олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзлари каби талаба ёшлар билан инглиз тилида жонли мулоқот олиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон Миллий университети талабалари билан инглиз тилида оғзаки мулоқот қилиш тажрибаларини оширди. Бу орқали ўрганилган назарий билимлар амалиётда қўллаб кўрилиб, гапириш, тинглаб тушуниш каби тил малакалари янада ривожлантирилмоқда.
Рус тили модули доирасида ҳам қизиқарли дарслар билан бирга Telegram каналларида ўқитувчилар (Ҳулкар Аҳмедова, Сайёра Ибрагимова) томонидан рус тили бўйича турли викториналар ташкил этилиб, филиал миқёсида талабалар беллашуви ўтказилмоқда. Бу беллашувлар ҳам талабаларни соғлом рақобатга ўргатади. Шунингдек, тил бўйича малакаларнинг оширилиши келажакда уларга ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишида ёрдам беради.
Пандемия шароитида ҳам барча учун бирдай жорий этилган ушбу вазият ўқитувчиларнинг компьютер саводхонлигини янада оширмоқда. Улар бу кўникмаларни ривожлантириш орқали талабаларга масофавий таълим беришнинг турли самарали усулларини қўллашга эришяпти. Қолаверса, талабалар чет тили бўйича дарслар давомида олган билимларига таянган ҳолда инглиз ва рус тилида турли ижодий ишланмалар тайёрламоқда.
Ўқитувчиларнинг кўрсатма, йўлланмалари билан талабалар томонидан амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган ижодий ишланмалар филиалнинг масофавий таълим платформаси, расмий саҳифалари ва ҳар бир модул учун ташкил этилган телеграм каналларига жойлаб борилади. Аҳамиятлиси, дарслардаги бу каби янгича ёндашувдан талабалар хурсанд.
Эъзоза СОБИРОВА,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси.