Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чет эллик халқаро экспертлар Сирдарёда
16:03 / 2025-10-16

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, соҳада илғор тажрибаларни жорий этиш мақсадида янги лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Шу доирада Ҳиндистонлик халқаро эксперт Меэнакши Качроо Чатта ва АҚШлик эксперт Аманда Мочан агентлик ходимлари ҳамроҳлигида Сирдарё вилояти бўлими фаолияти билан танишди.

Мазкур ташриф 14 октябрь куни бўлиб ўтган “Билим ва малакаларни баҳолашда назарий ва амалий ёндашувлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманнинг мантиқий давоми сифатида ташкил этилди.

Ташриф давомида меҳмонлар вилоятдаги тест синовлари учун мўлжалланган катта сиғимли биноларни кўздан кечирдилар, имтиҳон жараёнлари ташкил этилиши ва топширувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Шунингдек, маҳаллий мутахассислар билан учрашувда билим ва малакаларни баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш, уни халқаро стандартларга яқинлаштириш юзасидан фикр алмашилди.

–   Сирдарёда яратилган шароитлар ва техник жиҳозланиш даражаси жуда юқори. Бу ердаги тизим иштирокчилар учун қулайлик, холислик ва шаффофликни таъминлашга йўналтирилганини кўриш мумкин, –   деди Ҳиндистонлик эксперт Меэнакши Качроо Чатта.

Америкалик эксперт Аманда Мочан эса Ўзбекистонда баҳолаш тизимини рақамлаштириш, халқаро аккредитация талабларига мослаштириш бўйича олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди.

–  Энг муҳими, бу тизим фақат билимни эмас, балки амалий кўникмаларни ҳам аниқ баҳолай олиши билан ажралиб туради. Бу халқаро тажриба нуқтаи назаридан жуда муҳим,  –  дея таъкидлади у.

Ташриф якунида экспертлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ҳамда Сирдарё вилояти бўлими ўртасидаги иш жараёнлар самарадорлигини ошириш, хорижий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор таклифлар бердилар.

Бу ташриф, ўз навбатида, Ўзбекистонда билим ва малакаларни баҳолаш тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. У нафақат хорижий тажрибани ўрганиш, балки уни маҳаллий амалиётга татбиқ этиш имкониятини ҳам яратди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири