Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали мутахассислари Молдавия ва Россиянинг етакчи аритмолог мутахассислари билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Юрак- қон томир жарроҳи, аритмолог Павел Мезенцев марказнинг Бухоро филиалида бўлиб, аритмолог маслаҳати, “Холтер” бўйича ЭКГ, “Трансторакал эхокардиография”, “Трансезофагиал эхокардиография”, “Юракнинг трансезофагиал электрофизиологик текшируви”, “Электрокардиостимуляторларни текшириш ва қайта дастурлаш” каби диагностик усулларни беморлар ўртасида бепул амалга оширди.

Шунингдек, бир қатор замонавий, янги усуллар ҳам бажарилди.

– Илк маротаба юракда юқори технологик, мураккаб, кам инвазив, маҳаллий оғриқсизлантириш ва томир орқали “Юракнинг инвазив электрофизиологик текшируви ҳамда Радиотўлқинли абилация” операцияси муваффаққиятли олиб борилди, – дейди Павел Мезенцев. – Мазкур жараёнларда филиал мутахассислари ҳам қатнашди. Келгусида бу каби юракда ўтказиладиган мураккаб, юқори технологик ва кам инвазив операцияларни айнан филиал амалиётида қўллаш, вилоятда “Аритмология” йўналишини кенг оммалаштириш ва аҳоли орасида учрайдиган юракнинг ритмик нуқсонларига чалинган беморларга сифатли хизмат кўрсатиш самара беришидан умидвормиз.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири