Непаллик фуқароларни 124.500 АҚШ долларга чув туширган аёлнинг қилмишлари фош бўлди. Бу ҳақида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Маълум бўлишича, 2022 йилнинг сентябрь ойида Бухоро шаҳар Шота Руставелли кўчасида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро Ю.Д. исмли аёл бир гуруҳ шахслар билан жиноий тил бириктиради. Натижада олдиндан тузилган режа асосида Бухоро шаҳар 7-кичик ноҳиясидаги хонадондан туриб 42 нафар Непал давлати фуқароларини Ўзбекистон Республикасига чақириб, уларга виза олиб бериш ва Европа давлатларига жўнатиш ваъдасини беради. Ушбу чет эл фуқароларидан жами 124.500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни алдов йўли билан қўлга киритиб, берган ваъдасини бажармай қўлга киритган пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборади.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ю.Д. исмли аёл бошчилигидаги жиноий гуруҳга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА