French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чет эл суди қарорлари: қонун ва амалиёт
11:50 / 2026-02-20

Иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан чет давлатлар судлари ва арбитражлари ҳал қилув қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратишда қонун талабларига қатъий амал қилиш ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 20 ноябрдаги 27-сонли “Чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни иқтисодий судлар томонидан кўришда қонунчилик ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” ги қарори суд амалиёти учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Амалдаги тартибга кўра, аризаларни кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари — Киев битими, Минск ва Кишинёв конвенцияларида белгиланган талабларга тўлиқ риоя этилиши шарт.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 252-моддасида чет эл арбитражи ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар аниқ белгилаб қўйилган. Улар қаторига ҳал қилув қарорининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси, арбитраж битими, қарор ижроси ҳолати тўғрисидаги маълумот, тарафларнинг тегишли тарзда хабардор қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, давлат тилидаги тасдиқланган таржима ҳамда бошқа процессуал ҳужжатлар киради.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январдаги “Давлат божи тўғрисида” ги Қонунига мувофиқ, бундай аризалар бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) икки баравари миқдорида давлат божи ундирилади. Давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, ариза иш юритишга қабул қилинмайди.

Судлар чет давлат суди ёки арбитражи ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас. Аризани қаноатлантириш ёки рад этишда Иқтисодий процессуал кодексининг 255-моддасида ҳамда тегишли халқаро шартномаларда назарда тутилган асослар келтирилиши лозим.

Жиззах вилояти мисоли суд амалиётида процессуал талабларга риоя этиш даражасини яққол намоён этади. 2022 йилда МДҲ давлатлари судлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш бўйича 5 та ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг 4 таси иш юритишга қабул қилинмасдан қайтарилган, 1 та иш юритиш тугатилган. 2023 йилда эса 3 та аризадан 1 таси қонун талабларига риоя этилмагани сабабли қайтарилган, 2 таси тўлиқ қаноатлантирилган.

Амалиётда талабларга риоя этилмаган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Жумладан, Москва арбитраж судининг 2020 йил 24 мартдаги қарори асосида АО “Модный Континент” томонидан берилган илтимоснома Иқтисодий процессуал кодекс талабларига жавоб бермагани сабабли қайтарилган.

Барча процессуал талаблар бажарилган ҳолларда эса қарорлар ижрога қаратилган. Масалан, “INSTYLE” МЧЖ ҳисобидан АО “Модный Континент” фойдасига 128 880,98 АҚШ доллари миқдорида қарздорлик ва бошқа тўловлар ундирилган. Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Нур-Султон шаҳри суди қарори асосида 7 миллион 459 минг 471 тенге суғурта тўловлари бўйича қарздорлик ва 223 минг 784 тенге давлат божи ундирилган.

Хулоса қилиб айтганда, чет давлат судлари ва арбитражлари қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш жараёнида процессуал нормаларга қатъий амал қилиш суд қарорларининг қонуний ва самарали ижросини таъминлайди. Бу эса мамлакатимизда ҳуқуқ устуворлиги ва халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик механизмларининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Акбар Тўйчиев,

Жиззах вилоят судининг

иқтисодий ишлар бўйича судьяси

ЎзА