Чэнь Чжиминь: Ўзаро мулоқотимиз юқори дипломатик муносабатлар мевасидир
Хитой Халқ Республикасининг Умумхитой дўстлик ҳамкорлиги ассоциацияси раиси Чэнь Чжиминь бошчилигидаги делегация мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди.
Хитой Халқ Республикасининг Умумхитой дўстлик ҳамкорлиги ассоциацияси раиси Чэнь Чжиминь бошчилигидаги делегация мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди.
Ташриф доирасида 17 декабрь куни делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Давлат бошқаруви академияси ректори Рустам Қосимов билан учрашди.
Дўстона мулоқотда Рустам Қосимов ва Чэнь Чжиминь Ўзбекистон билан Хитой муносабатларининг тарихий илдизлари, бугунги ҳолати ва истиқболи ҳақида сўз юритди.
– Мамлакатларимиз муносабатлари жадал ривожланиб бормоқда, – деди Рустам Қосимов. – Бугунги кунда Ўзбекистон – Хитой ўртасида деярли барча соҳаларни қамраб олган 200 дан зиёд келишув ва шартнома имзоланган бўлиб, улар муваффақиятли амалга ошмоқда. Қатор шаҳарларимиз Хитой шаҳарлари билан биродарлик алоқаларини ўрнатган.
Чэнь Чжиминь юртимизда истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ турли миллат ва элат, 16 диний конфессия вакилларининг ўзаро тотувлигини таъминлаш учун яратилган шароит ва муҳитга юқори баҳо берди.
– Мана шундай мулоқотимиз ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги юксак дипломатик муносабатларнинг мевасидир, – деди Чэнь Чжиминь. – Ўйлайманки, дўстона ва самимий учрашувимиз келгуси мулоқотларимизга кўприк бўлади.