Чемпионнинг ота-онасига раҳмат
Париж шаҳрида ўтаётган XVII Паралимпия ўйинларида пара енгил атлетика бўйича эркаклар ўртасидаги (F35) ядро улоқтириш мусобақасида Ҳусниддин Норбеков учинчи бор Паралимпия ўйинларининг олтин медалини қўлга киритди.
Кеча давлатимиз раҳбари Ҳусниддин билан телефон орқали гаплашиб, уни тарихий ғалаба билан табриклади ва у билан фахрланишини айтди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари ва жамоатчилик вакиллари Ҳусниддин туғилиб ўсган хонадонга бориб, унинг ота-онасига вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғаларини топширди.
– Ўғлимнинг чиқишини яқинларимиз билан бирга кузатдик,–- дейди Ҳусниддиннинг отаси Қиличбой Норбеков. – Фарзандимнинг тарихий ғалабасидан, юртимиз байроғини жаҳон ареналарида яна бир бор баланд кўтарганидан хурсанд бўлдик. Бунинг учун спортчиларга барча шароитларни яратиб берган Юртбошимизга раҳмат.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири