Фарзандининг жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб вояга етиши, унинг бахту саодатини, фаровон келажагини кўриш ҳар бир ота-онанинг энг эзгу орзуси.
Пойтахтимизда истиқомат қилаётган Санжарбек ва Ҳафиза Синдоровлар ҳам ана шундай ота-оналардан. Жисмоний тарбия ва спортни бола тарбиясининг муҳим воситаси деб биладиган ушбу оилада камол топаётган 19 ёшли Жавоҳир Синдоров куни кеча Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида бўлиб ўтган шахмат бўйича жаҳон кубоги ғолибига айланди.

– Фарзандимнинг ғалабалари, аввало, истиқлолимиз шарофати, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ёшларни баркамол этиб тарбиялашга қаратилаётган юксак эътибор ва мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик самараси, – дейди Ҳафизахон Синдорова. – Бугун спортчиларимиз халқаро майдонларда ўз истеъдоди ва салоҳиятини кенг ва тўла намоён этмоқда. Мен шахмат мусобақаларини кузатар эканман, Жавоҳир ўғлимнинг давлатимиз байроғини баланд кўтариб, ўзбек миллати дунёда ҳеч кимдан кам эмаслиги ва кам бўлмаслигини исботлай олаётганидан қалбим фахр-ифтихорга тўлади, беихтиёр кўзларимга қувонч ёшлари қалқийди. Ўзимни дунёдаги энг бахтли инсон, деб биламан.
Дарҳақиқат, бугунги кунда спорт бутун дунёда ҳар қайси миллатни дунёга танитадиган, салоҳиятини намойиш этадиган, ғурур ва ифтихорини юксалтирадиган муҳим воситалардан бирига айланди. Айниқса, шахмат каби инсондан юксак интеллектуал салоҳият, жисмоний ва маънавий етуклик, ақл-заковатни талаб этадиган мураккаб спорт турида ғолиб чиқиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Ёш шахматчиларимизнинг халқаро майдондаги ғалабалари сони ва салмоғи ортиб бораётгани, аввало, улар жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган не-не буюк зотларнинг муносиб авлоди экани ҳамда юртимизда азал-азалдан мавжуд маданий-маърифий муҳит, юксак маънавият ва тафаккур мактабининг мантиқий ҳосиласи ва шунинг баробарида, истиқлол йилларида ёш авлоднинг ҳар томонлама камолга етиши йўлида барча шарт-шароит ва қулайликлар муҳайё этилганининг яққол самарасидир.
Спорт инсонда кучли ирода, ғалабага интилиш, қийинчиликларни енгиш руҳини тарбиялайди, ватанпарварлик, эл-юртга содиқлик, ифтихор туйғуларини шакллантиради. Спортда болаларнинг истеъдоди ва имкониятларини эрта аниқлаш уларни келажакда юксак ғалабалар сари йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, кичик ёшдан жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланган ўғил-қизларгина соғлом, бақувват, иродали, енгилмас бўлиб вояга етади ва келажакда юқори чўққиларни забт этишга қодир бўлади.

Жавоҳир тўрт ярим ёшидан шахмат билан мунтазам шуғулланади. Болалигидан хотираси кучли бўлгани учун ота-онаси уни ўсмирлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони Сирожиддин Зайниддиновнинг шахмат мактабига етаклаб боради.
Жавоҳир Синдоров шахматчи сифатида илк ғалабасини 2011 йил Тошкент шаҳар биринчилигида ғолиб чиқиш орқали қўлга киритди. Халқаро майдондаги дастлабки ғалабасига эса 2012 йил Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида эришди. 7 ёшгача бўлган ўғил болалар мусобақасида блиц турнирида олтин, классик шахмат бўйича кумуш медалга сазовор бўлди. 2013 йили Ўзбекистон чемпионатида ўн ёшгача ўғил болалар ўртасидаги мусобақада жаҳон ва Осиё чемпиони Нодирбек Абдусатторовни ортда қолдириб, илк бор Ўзбекистон чемпиони бўлди.
Шунингдек, Жавоҳир 2012, 2014 ва 2015 йилларда Осиё мактаб ўқувчилари чемпионатида ғалаба қозонган. 2014 йилда 9 ёшгача бўлганлар орасида жаҳон чемпиони ва 2018 йилда Ўзбекистон жамоаси билан 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Олимпиадада ғолиб чиққан.
У 2019 йилда гроссмейстерлик унвонини қўлга киритган ва шу тариқа дунё шахмат тарихида энг ёш гроссмейстерлардан бирига айланган. Шу йили ва 2021 йилда мамлакат чемпионига айланди.
2018, 2019 йиллари Ўзбекистон чемпионатида шоҳсупага кўтарилган бўлса, 2022 йилда Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган 44-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси сафида олтин медални қўлга киритди. Дарвоқе, у бугунга қадар шахмат бўйича турли нуфузли мусобақаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Унинг ютуқлари эса ёш шахматчиларимизни руҳлантирмоқда.
– Мамлакатимиз шахматчиларининг барчаси, айниқса, Нодирбек Абдусатторов ва Нодирбек Ёқуббоев ўйинларини мунатазам кузатиб бораман, – дейди Санжарбек Синдоров. – Авваллари менинг фарзандларим ҳам халқаро майдонларда юртимиз шарафини ҳимоя қилармикин, дея ҳавас қилар эдим. Ҳозир эса ўғилларим ютуқларидан жуда бахтиёрман. Жавоҳир укалари Исломбек ва Ҳумоюнга ҳақиқий намуна ва ўрнак бўлмоқда.
Ўзбек шахмат тарихида ўзига хос оламшумул натижа қайд этган Ж.Синдоров мазкур муваффақият туфайли юртимизга жаҳон кубогини олиб келиш асносида мусобақа мукофот жамғармасининг 120 минг АҚШ долларига ҳам эга чиқди. Шунингдек, у 2026 йилда бўлиб ўтадиган "Номзодлар турнири"га йўлланмани қўлга киритди.
Ҳа, фарзандини соғлом ва баркамол, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимиз равнақини ошириш йўлида ҳалол меҳнат қиладиган инсонлар этиб тарбиялаш ҳар бир ота-онанинг бурчи.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА