Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чемпионлар маскани
14:32 / 2023-09-30

Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Янги-янги болалар спорт иншоотлари барпо этилиб, болалар спорт мактабларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Натижада ёш спортчиларимиз нафақат республика, балки халқаро спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришмоқда.

Буни Андижон вилоятидаги Спортнинг якка кураш турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Спортнинг бокс, оғир атлетика, юнон-рум, эркин кураш, дзюдо, таэвандо, от спорти, қиличбозлик ва камондан отиш турларига ихтисослаштирилган мазкур мактабда айни кунда 500 нафардан ортиқ ўқувчи юқоридаги спорт турлари билан мунтазам шуғулланади. Уларга 86 нафар малакали мураббий ва тренерлар сабоқ бериб келмоқда. 

–Мактабимизда юқорида қайд этилган спорт турлари бўйича ўқувчиларнинг шуғулланиши учун зарур шарт-шароит яратилган, – дейди мактаб директори Иқболжон Ҳайдаров. – Қолаверса, спорт турлари бўлимларимиз замонавий, барча қулайлик яратилган ўз базаларига эга. Бундан ташқари, мураббий ва тренерларимизнинг аксарияти олий тоифали ҳамда халқаро лицензияларга эга малакали мутахассислардир. 

Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланаётган, қолаверса, тажрибали мураббийлардан спорт сирларини, ўзига хос техникасини пухта ўрганаётган ёшлар орасида юксак натижаларга эришаётганлар сафи тобора ортиб бормоқда. Жумладан, ўтган 2021-2022 ўқув йилида мактаб аъзолари томонидан барча спорт турлари бўйича республика ва халқаро турнирларда 72 та олтин, 58 та кумуш, 85 та бронза, жами 215 та медаль қўлга киритилган бўлса, 2022-2023 ўқув йилида ҳозирга қадар 78 та олтин, 68 та кумуш, 99 та бронза, жами 245 та медалга сазовор бўлинди. 

[gallery-13827]

–Жорий йилнинг июнь ойида Иордания пойтахтида юнон-рум кураши бўйича бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ўз вазн тоифамда фахрли 1- ўринни қўлга киритдим, – дейди Абдулло Алиев. – Ушбу натижа билан тўхтаб қолмайман, албатта. Мақсадим келгусида олимпиада ва жаҳон чемпионати ўйинларида ғолиблар қаторидан ўрин олиб, юртимиз байроғини юксакларга кўтаришдир. 

Айниқса, мактаб аъзоларининг бокс, каратэ, қўл жанги, оғир атлетика бўйича эришаётган ютуқлари салмоқлидир. 

Айни кунда юқори натижаларга эришаётган мазкур мактаб ўқувчиларининг 72 нафари ўз спорт турлари бўйича мамлакатимиз терма жамоалари аъзосидир. 

–Оғир атлетика бўйича миллий терма жамоамиз аъзоси ҳисобланаман, – дейди Гулшода Дадамирзаева. – Яқинда Ҳиндистонда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида 3- ўринни қўлга киритиб, терма жамоамиз ютуқларига муносиб ҳисса қўшдим. Келгусида бундан-да юқори натижаларга эришишни мақсад қилганман. 

Бир сўз билан айтганда, мактаб тарбияланувчилари орасида чемпионлар сафи тобора ортиб бормоқда. Бу албатта, энг аввало, мамлакатимизда спортни ривожлантиришга, иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътиборнинг самарасидир. Ишонамизки, ушбу мактаб ўқувчилари келгусида бундан-да юқори натижаларга эришиб, халқаро спорт майдонларида юртимиз шуҳратини янада юксакларга кўтаради. 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА мухбирлари.