Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чемпионатга тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди
14:29 / 2026-01-29

Гулистон шаҳрида Сирдарё вилояти спорт соҳасини ривожлантириш ва белбоғли курашни ривожлантириш масалаларига бағишланган муҳим учрашув бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Мавлобердиев, Осиё белбоғли кураш Конфедерацияси Президенти Мўминхўжа Муратов, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси президенти Равшан Дастиров ва тегишли спорт соҳаси масъуллари иштирок этишди.

Учрашувда вилоятда белбоғли кураш секцияларини кенгайтириш, спорт мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва машғулотлар сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, мураббийларнинг малакасини ошириш, халқаро тажрибага эга мутахассисларни жалб этиш ва замонавий машғулот усулларини жорий қилиш йўллари кўриб чиқилди.

Муҳокамаларда бу йил Гулистон шаҳрида 20 дан ортиқ давлат спортчилари иштирокида белбоғли кураш бўйича Осиё чемпионатини ўтказиш режаси ҳам илгари сурилди. Мазкур мусобақа вилоят ва республика спорт нуфузини халқаро миқёсда мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Куннинг иккинчи ярмида Осиё Конфедерацияси ва Ўзбекистон федерацияси раҳбарлари Гулистон шаҳридаги Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига ташриф буюриб, спортчилар учун яратилган шароитлар, замонавий инфратузилма ва машғулот жараёни билан яқиндан танишишди. Шунингдек, марказнинг белбоғли кураш бўлимида фаолият олиб бораётган спортчилар ва мураббийлар билан учрашувда тайёргарлик даражаси ва профессионал маҳоратни ошириш йўллари муҳокама қилинди.

Масъуллар Гулистон шаҳрининг халқаро спорт тадбирларини қабул қилиш салоҳиятини юқори баҳолаб, мавжуд инфратузилма Осиё чемпионатини юқори савияда ўтказиш учун етарли эканлигини қайд этди. Шу билан бирга, ташкилий масалаларни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар белгилаб олинди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири