Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чемпионат ғолиблари аниқланди
19:31 / 2025-12-15

ФОТОРЕПОРТАЖ

Жиззахда таэквондо WT бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати якунланди.  

“Киберспорт арена” спорт мажмуасида ўтказилган мусобақада республикамизнинг барча ҳудудлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикасидан ташриф буюрган спортчилар қатнашди. Улар 29 килограммдан 78 килограммгача ва ундан юқори вазн тоифасида ғолиблик учун баҳс олиб борди.

Чемпионат қизғин ва муросасиз беллашувлар тарзида ўтказилди. Жорий йилги мамлакат биринчилигида пумсе йўналишида 400 нафарга яқин, ўсмирлар тоифасида 600 нафарга яқин, ёшлар ўртасида 600 нафардан зиёд ҳамда катталар тоифасида 343 нафар спортчи иштирок этди. Умумий ҳисобда 1900 нафардан зиёд таэквондочи қатнашди.

[gallery-26747]

Беллашувларнинг илк кунларида 9 та вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Жумладан, Беҳруз Салимов (-54 кг), Назарали Назаров (-63 кг), Мироншоҳ Музаффаров (-74 кг), Ёдгорбек Жўрабоев (-87 кг), Мадина Шониёзова (-46 кг), Лайло Зайниддинова (-53 кг), Диёра Азизова (-62 кг), Сабина Пардаева (-73 кг) ва Ирода Миртожиева (+73 кг) чемпионликни қўлга киритди.

Катталар ўртасидаги баҳсларнинг якуний кунида эса Омонжон Отажонов (-58 кг), Диёрбек Тўхлибоев (-68 кг), Жасур Жайсунов (-80 кг), Шоҳжаҳон Каримбоев (+87 кг), Лайло Ҳасанова (-49 кг), Мадина Мирабзалова (-57 кг) ҳамда Озода Собиржонова (-67 кг) Ўзбекистон чемпионлари, деб эътироф этилди.

– Чемпионат юқори савияда ташкил этилди, - дейди иштирокчи Омонжон Отажонов. – Ҳар бир жанг кескин ўтди. Рақиблар кучли эди. Шунинг учун бу ғалаба мен учун жуда қадрли. Финалда 58 вазн тоифасида тажрибали рақибга қарши чиқдим. Мураббийлар берган тактик кўрсатмаларга қатъий амал қилишга ҳаракат қилдим. Сабр ва ишонч ғалабага олиб келди. Бу натижа мен учун катта масъулият. Олдимизда ҳали халқаро мусобақалар бор. Терма жамоадаги ўрнимни мустаҳкамлаб, мамлакатимиз шарафини халқаро майдонларда ҳимоя қилишга бор кучимни сафарбар этаман.

Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА