Эртага 25 ноябрь куни Жиззах шаҳрида белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун 2001-2003 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида жаҳон чемпионати баҳсларига старт берилади.
Бугун мазкур нуфузли мусобақа олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуманда Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси раҳбари Азизбек Ғаниев, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, мамлакат ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Усмон Маҳаматов иштирок этди.
Таъкидлаш лозимки, миллий кураш спорт турларимизнинг ажралмас қисми бўлган белбоғли кураш бўйича ўтказилаётган ушбу жаҳон чемпионатида ўғил болалар белбоғли кураш ва эркин йўналишларда 52 кг, 62 кг, 68 кг, 75 кг, 82 кг, 90 кг, 100 кг ҳамда +100 кг вазн тоифаларида, қизлар эса 48 кг, 52 кг, 58 кг, 66 кг, 76 кг ҳамда +76 кг вазн тоифаларида чемпионлик учун майдонга тушишади.
Чемпионатда 1-ўринни қўлга киритган спортчилар 10 миллион сўм, 2-ўрин соҳиблари 7 миллион ва 3-ўрин соҳиблари 5 миллион сўм миқдорида пул мукофотига эга бўлишади.
[gallery-4788]
Мутасаддилар белбоғли курашни дунё бўйлаб кенг миқёсда ривожлантириш мақсадида жорий йилнинг 27 сентябрида Литванинг Вильнюс шаҳрида Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси (ЖБКА) ташкил этилганлиги ва бу ҳаракатлар азалий қадриятларимизнинг кўҳна қитъада ҳам оммалаштиришга замин яратганлигини эътироф этишди.
Қолаверса, Жиззах мусобақалари белбоғли курашнинг халқаро майдондаги ривожида муҳим босқич бўлиши билан бирга, унинг дунёдаги тараққиётига қўш қанот бағишлаши эътироф этилди.
Жиззахда ўтказилаётган жаҳон чемпионати баҳсларида 30 дан ортиқ давлатдан маҳоратли спортчилар қатнашаётганлиги миллий спорт туримизга халқаро майдонда қизиқиш ортиб бораётганлигидан далолатдир.
Матбуот анжуманида эртага бошланаётган тарихий чемпионатнинг дастури кенг жамоатчиликка таништирилди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА