Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев, шунингдек мамлакатимиз спорт шарафини Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида муносиб ҳимоя қилган Рустам Саидов, Алишер Раҳимов, Икром Бердиев, Ғайрат Маткаримов каби маҳоратли спортчиларнинг мураббийи, ҳозирда Россия Федерациясида ёшларга бокс сирларини ўргатиб келаётган тажрибали мураббий Михаил Романчук куни кеча юртимизга келди.
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ёш боксчи-талабалар ва мутахассислар учун махсус маҳорат дарси ўтказган М.Романчук амалий машғулот давомида талабаларга юқори даражадаги техник ва тактик билим ва кўникмаларни ўргатди.

Шунингдек, тажрибали бокс мутахассиси ҳаваскор ва профессионал боксда юқори натижаларга эришган шогирдлари Артур Бетербиев, Давид Айрапетян, Руслан Тимурзиев, Пекин Олимпиадаси совриндори Ислам Канат, Сидней Олимпиадаси совриндори Рустам Саидов, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличевнинг боксга кириб келиши, кўрсаткичлари хусусида йиғилганларга гапириб берди.

Тажрибали мураббий иштирокида ўтган давра суҳбати жараёнида ўзбек боксининг жаҳон спортидаги ўрни, унинг тараққиёт босқичлари ва истиқболдаги устувор вазифалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.


Тадбир давомида Михаил Романчукнинг ўзбек боксининг ривожига қўшган ҳиссаси эътироф этилиб, унга Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг фахрий профессори унвони топширилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА