French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чемпион билан унутилмас учрашув (+видео)
14:14 / 2026-02-13

Юртимизда ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук ва иродали инсонлар этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ана шу эзгу мақсадлар йўлида амалга оширилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ёшлар қалбида ишонч ва матонат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида жойлашган 34-сонли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган, таянч-ҳаракат аъзолари шикастланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатда “Матонат мактаби марафони” доирасида  маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Мазкур учрашув меҳмони пара таэквондо бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, жаҳон ва Осиё чемпиони, Паралимпия ўйинлари ғолиби, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби Асадбек Тоштемиров бўлди.

Тадбир аввалида ўқувчиларга Асадбек Тоштемировнинг ҳаёти ва спортдаги шонли йўли ҳақида ҳикоя қилувчи “Тақдир жангчиси” ҳужжатли фильми намойиш этилди. Фильм ёшларда катта таассурот қолдириб, уларга матонат, сабр ва қатъият намунасини яққол кўрсатди.

Учрашув давомида ўқувчилар чемпионга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, спортдаги муваффақият сирлари, қийинчиликларни енгиш йўллари ва келажак режалари ҳақида батафсил жавоблар олди. Самимий мулоқот руҳида ўтган тадбир барча иштирокчилар учун унутилмас лаҳзаларга бой бўлди.

Учрашув якунида “Матонат мактаби” ижрочи директори Дилфуза Каримова сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшлар, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун кенг имконият ва шарт-шароитлар яратилаётганини таъкидлади. Шунингдек, муваффақиятга эришиш учун тўғри мақсад қўйиш, меҳнатсеварлик ва иродали бўлиш муҳим эканини алоҳида қайд этди.

Мазкур тадбир ўқувчиларда Ватанга бўлган муҳаббат, келажакка ишонч ҳамда спортга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилди. Чемпион билан учрашув улар учун нафақат мотивация, балки катта ҳаётий сабоқ бўлди.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/rqeu7dqME4k" title="Chempion bilan unutilmas uchrashuv" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Нигора Раҳмонова,

Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА