Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чекка ҳудудда янги иншоотлар
17:05 / 2020-09-07

Энг улуғ ва энг азиз байрам кунларида Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида бир қатор янги иқтисодий, ижтимоий ва маданий объектлар фойдаланишга топширилди.


Энг улуғ ва энг азиз байрам кунларида Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида бир қатор янги иқтисодий, ижтимоий ва маданий объектлар фойдаланишга топширилди.

Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлимининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, туман давлат хизматлари маркази аввал эски бинода фаолият кўрсатиб, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш учун деярли шароит яратилмаган, бу эса асосий тамойилларга жавоб беришда ноқулайликлар туғдирар эди.

Давлатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрами арафасида туман давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Ушбу муносабат билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Жамбул Адилов, Давлат хизматлар агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Казбек Артиқов ва бошқалар тадбир иштирокчиларини истиқлол байрами ва янги бинонинг фойдаланишга топширилиши билан қутлади. Марказ «Меъмор Хўжайли» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан сифатли амалга оширилди.

Дарҳақиқат, миллийлик ва замонавийлик акс этган янги бино ўзгача дизайн талаблари асосида барпо этилган. Залда ўрнатилган мониторларда 140 дан зиёд давлат хизмати кўрсатиш тартиби ташриф буюрувчиларга тақдим этилади.

Бинода шунингдек туман ФҲДЁ ва адлия бўлимлари, нотариус, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманидаги Халқ қабулхонаси, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш туман қабулхонаси жойлашган. Давлат хизматлари агентлиги аҳолига кўрсатилаётган хизмат сифатини ва шаффофлигини янада орттириш мақсадида мана шундай янги марказларнинг сафини кенгайтиришни мақсад қилган.

Байрам кунларида туман Маданият уйининг янги биноси ҳам фойдаланишга топширилди. Тумандаги «Реверстрой» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 4 миллиард 600 миллион сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилди. Келажакда бу ерда турли маданий тадбирларни ўтказиш мумкин.

Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази биносининг фойдаланишга топширилиши ҳам ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди. Жами 21 нафар ходим фаолият олиб борадиган марказда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд.

Сўнгги йилларда туманда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Байрам арафасида минг ўринга мўлжалланган стадион фойдаланишга топширилди. Мазкур иншоот Нукус шаҳридаги “GOLDEN STAR” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан бунёд этилди. Янги стадионда ёшлар футбол ва енгил атлетика турлари билан шуғулланиш имкониятига эга бўлдилар.

Оролбўйининг энг чекка ҳудуди Тахтакўпир туманида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.