Фарғона вилояти Бағдод тумани марказидан 15 километр узоқликда жойлашган Навбаҳор қишлоғи аҳолисининг қувончи чексиз. Бу ерда янги 120 ўринли мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Эътиборлиси, смета баҳоси 5,5 миллиард сўмга баҳоланган ушбу муассаса инвестицион дастурларсиз, қишлоқ аҳолисининг ҳамжиҳатлиги, ташаббускорлиги, тадбиркорларнинг ҳомийлиги ҳамда туман раҳбарларининг қўллаб-қувватлаши натижасида ҳашар йўли билан бунёд этилди.
Очилиш маросимида иштирок этган Президент маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров аҳолининг бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги асосида амалга оширилган эзгу ташаббусларни эътироф этди.
Шунингдек, туманнинг Ирғоли қишлоғида 330 ўринли янги 62-мактаб биноси ҳам фойдаланишга топширилди.
“Ташаббусли бюджет” дастури доирасида ажратилган 900 миллион сўм маблағ ҳисобига мактаб биноси қуриб битказилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан вилоят маҳаллий бюджетининг орттириб бажарилган қисмидан ажратилган 1,5 миллиард сўм маблағ ҳисобига мактабга замонавий спорт зали ҳам қуриб берилди. Мактаб учун туман маҳаллий бюджетининг орттириб бажарилган қисмидан ҳам 360 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Авваллари қишлоқ ёшлари шу ҳудуддаги 30-мактабнинг филиалида бошланғич таълимни олишгач, юқори синфларда ўқиш учун ҳар куни 2-3 километр пиёда йўл босиб, қўшни қишлоқдаги мактабга қатнашган. Бу эса улар ва ота-оналар учун ноқулайликлар туғдирар эди. Шунинг учун ҳам янги бинонинг иш бошлаши қишлоқ аҳлини севинтирди.
Меҳмонлар мактаб биносини ва синфхоналарни кўздан кечириб, ўқувчилар ва мактаб жамоаси билан суҳбатлашди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири