Наманган вилояти соғлиқни сақлаш тизимида янги саломатлик масканлари фаолият бошлади. Уйчи тумани марказидан 23 километр олис масофада жойлашган Янгиер маҳалласида фойдаланишга топширилган “Маҳалла тиббиёт маскани” бирламчи бўғиндаги илк шохобчадир.
Президентимизнинг шу йил 18 март куни тиббиёт соҳаси вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқотида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Наманганда туманлар марказидан анча узоқда жойлашган қишлоқларда ихчам ва қулай тиббиёт масканлари очилмоқда. Эндиликда аҳоли ўз ҳудудида малакали шифокор ва ҳамширалар хизматидан фойдаланади. Шинам масканда барча шароитлар, хусусан, 120 хил бепул дори-дармон захираси ҳам муҳайё.

– Маҳалламиз қўшни Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Аксу тумани билан чегара ҳудудга туташ, – дейди маҳалла фаоли, меҳнат фахрийси Раънохон Абдиева. – Аҳоли тиббий хизмат борасида қийинчиликларга дуч келгани бор гап.

Шунингдек, туман марказидан 17 километр узоқликдаги Даҳиякота маҳалласида оилавий шифокорлик маскани ҳам очилди. Собиқ қишлоқ врачлик пункти 2017 йилда мақбуллаштирилиши туфайли бу ҳудудда тиббиёт муассасаси қолмаган эди. Аҳолининг талаб ва истаклари асосида бино таъмирланиб, қайта оилавий шифокорлик пунктига айлантирилди.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилган ушбу бунёдкорлик ишларига 780 миллион сўм маблағ сарфланди. 14 та хонадан иборат тиббиёт масканида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун барча имкониятлар яратилган. Аёллар, болалар ва кексалар учун алоҳида хоналар, лаборатория, кундузги шифохона ҳам мавжуд.
Шифо масканларининг очилишида Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов, Уйчи тумани ҳокими Шуҳрат Мусаев иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА