Шу йил 9 июль куни муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Президент сайловига тайёргарлик кўриш ишлари қизғин давом этмоқда. Номзодларнинг ишончли вакиллари сайловчилар билан учрашиб, номзод дастурини тарғиб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига OʼzLiDePдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри бўйича ишончли вакили, Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Рустам Калонов Турин политехника университетида сайловчилар билан учрашув ўтказди.

Ишончли вакил масъулиятли палла тобора яқинлашаётгани, ушбу сайлов Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати, юртимизнинг эртанги куни ва тақдирини белгилаб беришини таъкидлади. Шундан сўнг номзоднинг ҳаёти ва сиёсий фаолиятига ҳамда дастурига тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида бешта стратегик мақсад белгиланган. Ҳар бир мақсад доирасида қатор йўналишлар ва вазифалар ўз аксини топган. Масалан, биринчи – “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш” мақсади доирасидаги сифатли таълим йўналишида кўплаб ташаббуслар илгари сурилган.

Жумладан, 2030 йилгача қўшимча икки мингта боғча қурилади. Боғча қуришда иштирок этувчи корхоналар рағбатлантирилади. Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларнинг боғча харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш, барча боғчалар компьютер синфи билан таъминланиши, мактабларда “Йилига 500 минг ўқувчи ўрни” дастури амалга оширилиши, 2030 йилга қадар қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрни яратилиши белгиланган.

Бундан ташқари, хусусий таълимга қўшимча енгилликлар берилиши, бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан тўлиқ таъминланиши, чекка ҳудудларда мактаб автобуслари бепул йўлга қўйилиши, келгуси етти йилда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш учун 1 миллиард доллар ажратилиши каби мақсад-вазифалар илгари сурилмоқда.
Ишончли вакил учрашувда ҳар бир йўналиш бўйича батафсил маълумот бериб, сайловчиларни сайлов куни OʼzLiDePдан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашга чақирди.
М.Комилова, ЎзА