Интернет тармоғи кун сайин ҳаётимиз, иш фаолиятимизга чуқур кириб бормоқда. Ўзбекистонда интернетдан фойдаланувчилар сони ҳам йилдан-йилга ошиб боряпти.
Провайдерлар сони ошгани сайин интернетда хизмат кўрсатиш турлари ва сони ҳам ўсишда давом этмоқда. Ўз навбатида, ҳудудларни интернет тармоғи билан тўла қамраб олиш масаласи ҳам кўндаланг бўлади. Бу борада мамлакатимизда аҳоли масканларининг мобиль алоқа билан қамров даражаси 98 фоиз ва мобиль интернет тармоғига кенг полосали уланиш қамрови 93 фоизга етказилган. Ушбу кўрсаткични йил охирига қадар 95 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.
Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг мажлисида шу ҳақда сўз борди.
Қўмита йиғилишида дастлаб Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар кўриб чиқилди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялар ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг мамлакатимизнинг интернет тезлиги бўйича халқаро рейтингдаги ўрнини яхшилаш, шунингдек, аҳолининг интернет тармоқлари орқали эркин ва тезкорлик билан ахборот олиш имкониятлари бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда соҳага оид қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларнинг ижроси юзасидан ахбороти эшитилди.

Вазир ўринбосари Жамол Махсудов соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил тўхталиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳар бир хонадон ва ижтимоий муассаса мақбул нархда юқори тезликдаги интернетга уланиши зарурлиги ҳақида бир неча бор таъкидлаган эди. Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, интернет тезлигини ошириш юзасидан мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда ўрнини яхшилаш мақсадида вазирлик томонидан ўтган 5 йил мобайнида қатор чора-тадбирлар амалга оширилган.
Хусусан, интернет тезлигини ошириш мақсадида магистрал телекоммуникация тармоғи ўтказувчанлиги вилоятлараро даражада 400 Гбит/с тезликка, туманлараро тармоқлар тезлиги эса 40 Гбит/сга етказилган.
Оптик толали алоқа линиялари узунлиги 4,5 баробарга, кенг полосали портлар сони 3,5 баробарга оширилган. Вазирлик томонидан мобиль алоқа тармоқларини ривожлантириш мақсадида 2021 йилда 9 мингта база станциялари қурилиб ишга туширилган, уларнинг умумий сони 40 мингтага етказилган. Ҳудудларда янги аҳоли массивларининг пайдо бўлиши, ўз навбатида, алоқа сифатига ўз таъсирини кўрсатади. Бу борада янги станцияларни қуриш ишлари давом эттирилаётгани эътиборга молик.

Йиғилишда энг чекка ҳудудларни ҳам интернет тармоғи билан 100 фоиз қамраб олиш ишлари қачон якунига етказилади, деган савол ўртага ташланди. Вазир ўринбосари бунга жавобан барча ҳудуд 2023 йилгача тўлиқ интернет тармоғи билан таъминланишини билдирди.
Йиғилишда почта хизматларига оид масалалар, айниқса, обуна, даврий нашрларни жойларга етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар ҳам қизғин муҳокама этилди. Сенаторлар Фармон Тошев, Маҳмуд Тоиров ва бошқалар ушбу соҳадаги муаммоларга алоҳида тўхталиб, ўз таклиф ва тавсияларини билдирди. “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти директори вазифасини бажарувчиси Алишер Файзуллаев почта тизимидаги ишлар, муаммолар, келгусидаги режалар хусусида тўхталиб, саволларга жавоб берди.
Йиғилишда шунингдек, imei код билан боғлиқ масалалар, аҳоли ўртасида айрим тушунмовчиликлар юзага келаётгани ҳам ўртага ташланди. Бу борада вазирлик кенг кўламда тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориши лозимлиги айтилди.
Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, жорий йилнинг биринчи чорагида imei код билан боғлиқ 790 та мурожаат бўлган бўлса, учинчи чоракда 134 тага тушган. Яъни, бундан аҳоли вакиллари imei код мобиль қурилмаларнинг хавфсизлиги учун қулайлик яратишини англаб етаётгани аёнлашади.
Мажлисда сенатор ва экспертлар томонидан АКТ соҳаси фаолиятини янада яхшилаш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА