Бугун ижтимоий тармоқларда 12 ёшли боланинг дўкон сотувчиси ургани акс этган видео тарқалди. Яъни, ёш болага кучини кўрсатган сотувчининг бу қилмиши кенг жамоатчилик томонидан қаттиқ қораланди. Лекин, танганинг иккинчи томони бор. Баъзи ҳолларда катталарда топилмайдиган бу журъат ўспиринда топилгани барчани ўйлантириб қўйгани ҳам рост. Аслида ҳуфёна иқтисодиётга қарши барчамиз муросасиз курашишимиз кераклигининг бу яққол намунаси.
Сотувчидан чек талаб қилган 12 ёшли Шаҳбозни Республика Солиқ қўмитаси марказий аппарати тик турган ҳолда қарши олди, қарсаклар билан олқишлашди. Чунки, унинг мардлиги кўпчиликка ўрнак бўла олади.
Болалар Омбудсманига унинг онаси мурожаат қилиб, 2011-йилда туғилган фарзандини Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги дўконлардан бирида ҳарид чекини сўрагани учун сотувчи томонидан фарзанди ҳақоратланиб, бир неча бор унинг юзига урганини билдириб, қонуний чора кўришни сўради. Аслида вояга етмаган шахсларни ҳақорат қилиш билан боғлиқ ҳолатлар сўнгги вақтларда жуда кўп учрамоқда, лекин ҳаммаси ҳам тасвирга олинмагани сабабли “ёпиқ қозон” ёпиқлигича қолаётганди.
Мазкур ҳолат Болалар Омбудсмани томонидан ўрганилиб, олиб борилган терговга қадар текширув давомида Гулистон шаҳридаги савдо дўкони сотувчиси жамоат жойида сўкиниб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан содир қилган хатти-ҳаракатлари учун унга нисбатан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилиб, иш ҳужжатлари жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судига юборилди. Хўш, суд ушбу ҳолат бўйича қандай қарор қабул қилди?
Мавжуд барча далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатувлари ўрганилгач, жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг судьяси Хислатжон Қўқонбоев маъмурий ҳуқуқбузарлик иши бўйича суднинг қарорини эълон қилди. Унга кўра ҳуқуқбузарга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/P5a2DWDnLjg?si=gw5_AHRlViim2UCn" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА