Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чегараолди ҳудудларида аёллар ҳамкорлиги янада мустаҳкамланади
18:25 / 2025-07-30

Андижонда “Аёллар – ўзгаришлар етакчиси” лойиҳаси доирасида “Трансчегаравий мулоқот” форматида давра суҳбати бўлиб ўтди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Андижон вилояти бўлинмаси томонидан Search for Common Ground (Умумий манфаатларни излаш) халқаро ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ўтказилган давра суҳбатида Андижон вилояти ва Қирғизистон Республикасида фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат идоралари вакиллари ҳамда трансчегаравий мулоқотларни йўлга қўйиш бўйича мутахассислар, фаол аёллар иштирок этди. 

Тадбирда  аёллар фаоллигини ошириш, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош ҳудудлари ривожини таъминлаш, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда фаол бўлган етакчи аёлларни рағбатлантириш, тинчлик, қардошлик ва қўшничилик муносабатларини тарғиб этиш масалалари муҳокама қилинди. 

Иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни самарали юритиш, янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар юритилди. 

Шунингдек, тадбирда “Юксалиш” ҳаракати Андижон вилояти бўлинмаси томонидан амалга оширилаётган “Аёллар – ўзгаришлар етакчиси” лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар натижалари тақдимоти ўтказилди. Қолаверса, Жалақудуқ туманидаги чегарабўйи ҳудудларида яшовчи фаол аёллар иштирокида ўтказилган қатор тренинг, семинар ва ахборот сессиялари ижобий самаралар берганлиги қайд этилди. 

– Семинар ва тренингларда чегараолди ҳудудларида яшовчи бир гуруҳ аёллар етакчилик, самарали мулоқотни йўлга қўйиш, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш кўникмаларини мустаҳкамлаш бўйича ўқув машғулотларида иштирок этди, - дейди “Юксалиш” ҳаракати Андижон вилояти бўлинмаси раҳбари Диёрбек Турғунов. – Шунингдек, уларнинг аёл ҳуқуқлари, гендер тенглик ва зўравонликдан ҳимоя масалалари, ҳуқуқий ҳимоя механизмлари тўғрисидаги билим ва тушунчалари бойитилди. 

Қўшни Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган ННТ вакиллари ҳам ўз фаолияти тўғрисида тақдимотлар ўтказди, икки қўшни мамлакат аёллари ўртасида самимий ва самарали мулоқот, тажриба алмашиш, ўзаро фойдали қўшничилик муносабатларини шакллантириш ва йўлга қўйиш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 

“Трансчегаравий мулоқот” бу нафақат икки қўшни мамлакат аёллари ўртасидаги ҳамкорлик кўприги, балки тинчлик, хавфсизлик ва ижтимоий барқарорлик сари ташланган муҳим қадамлардан бири бўлди.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари