Чегарани бузиб, 190 та қўйни олиб ўтишга уринган фуқароларга жазо тайинланди
Халқимизда «Ёлғиз бошга қўш оғир», деган нақл бор.
Халқимизда «Ёлғиз бошга қўш оғир», деган нақл бор. Ж.Ининг ёлғиз бошига ҳам оила, тирикчилик ташвишлари оғирлик қила бошлади.
Шу важ билан у 2020 йил февраль ойида жиноий шериги Ш.Ф билан Ўзбекистонга Қозоғистондан майда шохли молларни божхона назоратини четлаб, ноқонуний йўллар билан олиб ўтиб, сотишга келишган. Шу тариқа Ж.И 19 февраль куни «Гулистон-авто» чегара ўтказиш маскани орқали Қозоғистонга қонуний равишда ўтиб, Шардара туманида жойлашган мол бозорида «Б» исмли фуқародан 200 дона она-бола қўй-қўзини 7.500.000 тенгега, яъни 20.000 АҚШ долларига сотиб олади. Сунг Қозоғистондан Ўзбекистонга 190 дона майда шохли молларни чегара ўтказиш маскани бўлмаган ҳудуд орқали чегара сим тўсиқларини бузиб, олиб ўтган. Шу вақтда ҳарбий қисм Навоий вилояти тезкор қўриқлаш гуруҳи ходимлари томонидан у жиноят устида қўлга олинган. Жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди томонидан Ж.И Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 182-моддаси 2-қисмининг «а» банди ва 223-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 57,59, 62-моддаларига асосан 3 йил 8 ой 10 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Ш.Ф Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 28,182-моддаси 2-қисмининг «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57,60,61-моддаларига асосан 33.450.000 сўм жарима ва ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 11 ой 29 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазолари тайинланди. 190 та қўй давлат ҳисобига ўтказилди.
Ф.Қаҳҳоров, Жиноят ишлари бўйича
Конимех туман судининг раиси