Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чегарада Ватан тимсоли
12:47 / 2022-11-18

Давлат рамзлари ҳар бир мамлакат мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоли ҳисобланади. Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар юртни севиб, унинг рамзларини эъзозлаган.

Бизга аждодлардан мерос бўлган ҳур диёримизнинг Давлат байроғи ҳам мамлакатимиз суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий - маданий анъаналаримизни ифодалайди. 

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда, жумладан, расмий делегацияларимизнинг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференциялар, жаҳон кўргазмаларида ҳамда спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.

Амалдаги қонунчилигимизда Давлат рамзлари тасвири тушириладиган белгилардан бири сифатида – Ўзбекистон Республикасининг асосий чегара устуни ҳам қайд этилган. Шунингдек, байроғимиз доимий равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш пунктларида ҳилпираб туради.

Тарихдан маълумки, қадимги даврларда илк давлатлар орасида ва аждодларимизнинг яшаш жойлари ўртасида аниқ маъмурий чегаралар бўлмаган. Қадимги Хоразм, Бақтрия ва Сўғд чегаралари табиий бўлиб, яқин ҳудудлардаги ўтроқ яшаш жойларининг табиий географик бўлувчиси сифатида даштлар, чўл ва тоғлардан фойдаланилган. Шаҳарлар эса мудофаа деворлари билан ўраб олинган. 

Замонлар оша ўз ҳудудини қўшни давлат ҳудудидан ажратишга бўлган эҳтиёжнинг тобора ортиб бориши натижасида чегараларни ёғоч ва тошлар ёрдамида белгиланган. Таъкидлаш керакки, айрим давлатларнинг чегаралари мамлакатларнинг ҳудудий жойлашувига кўра тоғли, сувли, қир-адирли ва ўрмонли ҳудудлардан ўтган бўлса, ер юзида марказий кўчалар, бинолар, ресторан ва кафелар ўртасидан ўтадиган кўплаб антиқа чегаралар ҳам мавжуд.

XVII асрга келиб давлатлар ўртасидаги чегараларни белгилаш учун ғишт устунларидан фойдалана бошлашган. Ҳозирги кўринишдаги темир – бетон чегара устунларини ўрнатиш эса XIX асрдан эътиборан йўлга қўйилган. Асосий чегара устуни турли давлатларда турлича рангларда бўлади. 

Мустақил Ўзбекистон Республикаси асосий чегара белгисининг устуни эса, бутун баландлиги бўйлаб Ўзбекистон Республикаси давлат байроғини ўзида акс эттирган ҳолда, мовий, қизил, оқ ва яшил рангларга бўялган. Устуннинг олд қиррасида Давлат герби тасвирланган бўлиб, белгиланган тартиб рақамига эга.

Чегара устунининг айнан давлатимиз байроғи рангларида бўлиши бежиз эмас, албатта. Бу энг аввало, чегарадош давлатларга устун ўрнатилган жойдан мустақил Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди бошланишини англатиши билан бирга, шу муқаддас Ватан остонасида туриб, унинг дахлсизлиги ва осойишталигини қўриқлаётган чегарачи ўғлонларнинг жанговар руҳини янада оширишга, уларнинг қалбида юксак ватанпарварлик ва ғурур ҳисини уйғотиб, Она Ватанимиз ҳамда унинг давлат рамзларига нисбатан ҳурмат, меҳр-муҳаббат ва азму шижоат ила ҳар қандай вазиятда ҳам ўз бурчларига содиқ қолишга ва зиммаларидаги жанговар вазифаларни сидқидилдан адо этишга ундаши билан ҳам аҳамиятлидир.

Фарида Бобожонова 
      ДХХ Чегара қўшинлари
 Майор