Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Чегарада ноқонуний ҳаракатга чек қўйилди
14:05 / 2026-02-09

Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор назорат тадбирлари натижасида қимматбаҳо металлдан тайёрланган заргарлик буюмларини ноқонуний олиб кириш ва олиб чиқишга уринишлар билан боғлиқ ҳолатлар фош этилди.

Хусусан, Наманган халқаро аэропортидаги чегара божхона пости ходимлари Саудия Арабистонидан “Жидда – Наманган” йўналишидаги авиарейс орқали учиб келган бир қатор фуқаролар томонидан олиб кирилган жами вазни 531,3 грамм бўлган 35 дона қимматбаҳо металлдан ясалган заргарлик буюмлари аэропорт автотураргоҳида мамлакатимиз фуқароси томонидан йиғиб олинаётган вақтида аниқланиб, тўхтатиб қолинди. 

Шунингдек, вилоят божхона бошқармаси тезкор тузилмалари ҳамда Қирғиз Республикасининг Новкент ҳудуди билан боғловчи “Учқўрғон” чегара божхона пости ходимлари томонидан “Ўзбекистон –Қирғизистон” йўналишида “яшил” йўлак орқали ҳаракатланаётган фуқаролар божхона назоратидан ўтказилди. 

Шахсий кўрик давомида уч нафар фуқаронинг эгнидаги кийимлари орасига яширилган 698,7 грамм турли хил заргарлик буюмлари мавжудлиги аниқланиб, процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди. Яна бир вазиятда эса, “Поп” чегара божхона постида “Тожикистон – Ўзбекистон” йўналишида пиёда ҳаракатланиб келаётган икки нафар Тожикистон фуқаролари божхона назоратидан ўтиш вақтида шубҳали хатти-ҳаракатлари сабабли шахсий кўрикдан ўтказилганда, уларнинг эгнидаги кийимлари орасида божхона назоратидан яширилган 144,05 грамм қимматбаҳо металлдан ясалган заргарлик буюмлари мавжудлиги аниқланди. 

Бундан ташқари, “Косонсой” чегара божхона постида тезкор тузилмалар ва божхона пости ходимлари иштирокида тезкор маълумотларга асосан ўтказилган шахсий кўрик давомида “Ўзбекистон – Қирғизистон” йўналишида ҳаракатланган фуқаро тана аъзосига оғирлиги 302 грамм бўлган қуйма олтин бўлакларини божхона назоратидан яшириб Қирғиз Республикасига олиб чиқаётганлиги ҳолати фош этилди. 

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.